Бугун Фармацевтика таълим ва тадқиқот институтида ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш мақсадида “Давлат интерактив хизматларидан фойдаланиш ва волонтёрлик фаолияти” мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди. Тренинг талаба ёшлар орасида волонтёрлик фаолиятини тарғиб қилишга қаратилган бўлиб, тадбирда “Олтин қанот” волонтёрлари академиясининг раҳбари Санъатбек Музаффаров ўзининг муаллифлик тренинги билан иштирок этди. Маълумот ўрнида шуни айтиш керакки, Санъатбек Музаффаровнинг ушбу дастури ижтимоий фаолликдан иборат бўлиб, инсонларнинг эгзу амалларни ихтиёрий равишда бажариши, ёрдамга муҳтож ҳамда имконияти чекланганларга беминнат ёрдам беришга қаратилган. Кечада муаллиф бўлажак фармацевтларни кўнгиллилар қаторига қўшилишга ва яхшилик қилишга чақирди. ФТТИнинг 1-босқич 102Б гуруҳи талабаси Маъруфжон Дилмуродовнинг “Волонтёрлар ким?” мавзусидаги тақдимоти йиғилганларга ушбу ижтимоий фаолият ҳақида атрофлича маълумот берди. Шундан сўнг, талабалар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олдилар. Умид қиламизки, бу каби учрашувлар “Олтин қанот” волонтёрлари каби эзгу ва хайрли ишларни амалга ошираётган кўнгиллилар сафини янада кенгайишига хизмат қилади.