Аҳолини рўйхатга олиш ишларига кимлар жалб этилади
Ижтимоий ҳаёт
Республика миқёсида аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда Давлат статистика қўмитаси марказий аппарати ходимлари иштирок этади. Ҳудудларда ишларни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш, материалларни автоматлаштирилган ҳолда қайта ишлаш, дастлабки якунларни сарҳисоб қилиш ва натижаларни эълон қилиш учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар статистика бошқармалари, туманлар ва шаҳарлар статистика бўлимлари ходимлари жалб этилади.
Жараён қанча муддат давом этади?
Ажратилган ходимлар уйма-уй юрган ҳолда бевосита аҳолини рўйхатга олиш жараёнларини амалга оширадилар ва аҳоли тўғрисида маълумотлар тўпланади Аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш 10 кундан 60 кунгача бўлган даврни ўз ичига олади. Жараён бир неча кун давом этса ҳам, маълумотлар аниқ бир вақтда – аҳолини рўйхатга олиш биринчи кунининг «0» соатдаги ҳолати бўйича қайд этилади. Бу аҳолини рўйхатга олишнинг нозик вақти, деб ҳам аталади.
Олинган маълумотлар сир сақланадими?
Аҳолини рўйхатга олишда индивидуал асосда ҳар бир шахс тўғрисидаги алоҳида маълумотлар тўпланади. Шу билан бирга, респондентлардан олинган маълумотларнинг анонимлиги кафолатланади. Аҳолини рўйхатга олиш варақасидан фақат натижаларни умумлаштириш учун фойдаланилади.
Шахс тўғрисидаги маълумотлар сўралаётган (респондент)нинг жавоблари (кичик ёшдагилар учун – ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босадиган шахсларнинг) асосида қайд қилинади ва буни ҳужжат билан тасдиқлаш талаб этилмайди. Кўпчилик мамлакатларда аҳолини рўйхатга олиш қонун билан тартибга солинган.
Рўйхатга олинадиган ва олинмайдиган шахслар
Рўйхатга олинадиган шахслар
1. Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи барча фуқаролар.
2. Чет-элга:
- хизмат сафарига;
- таълим олишга;
- дам олишга;
- даволанишга;
- меҳмонга кетган барча фуқаролар.
3. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иш ёки ўқиш мақсадида доимий яшаётган чет-эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар.
4. Уйсизлар.
Рўйхатга олинмайдиган шахслар
Республика Ташқи ишлар вазирлигида аккредитациядан ўтган:
1. Хорижий давлатларнинг доимий ваколатхоналари, элчихоналари, консуллик идораларининг халқаро шартномаларига мувофиқ дипломатик имтиёз ва иммунитетга эга бўлган чет эл фуқаролари ва уларнинг оила аъзолари.
2. Халқаро ҳукуматлараро ташкилотларда ишловчи чет эл фуқаролари ва уларнинг оила аъзолари.