Талабалар ютуғи — институт нуфузининг энг ёрқин кўрсаткичи

 

Институт нуфузини албатта унинг талабалари қўлга киритаётган ютуқлар белгилаб беради. Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти ташкил бўлганига эндигина беш йил бўлган бўлсада, шу қисқа давр  ичида талабаларимиз институтда мавжуд имкониятлардан, малакали профессор-ўқитувчиларимизнинг илмлари ва меҳрларидан унумли фойдаланган ҳолда кўплаб ютуқларни қўлга киритишмоқда.

Бунга мисол қилиб жорий йилнинг 21 май куни Қозоғистон Республикасининг Олмаота шаҳрида «Фармация» таълим дастурида таҳсил олаётган 3–5-босқич талабалари ўртасида «Фармацевтик кимё» ва «Фармакогнозия» фанлари бўйича II Халқаро фан олимпиадасини олишимиз мумкин. 

Мазкур нуфузли олимпиада «ANAMED» халқаро форуми доирасида ташкил этилди ҳамда С.Д. Асфендияров номидаги Қозоқ миллий тиббиёт университети Фармация мактабининг 75 йиллигига бағишланди.

Олимпиаданинг асосий мақсади талабалар ўртасида фармацевтик кимё ва фармакогнозия соҳаларига қизиқишни кучайтириш, уларнинг ўқишга бўлган интилишини рағбатлантириш, иқтидорли ва рақобатбардош келажак мутахассисларини аниқлаш, касбий тафаккурини ривожлантириш ҳамда мутахассислик фанлари бўйича билим доирасини кенгайтиришдан иборат бўлди.

Халқаро олимпиадада Қозоғистон, Ўзбекистон ва Россия Федерациясининг етакчи олий таълим муассасалари фармацевтика факультетларидан жами 14 та жамоа иштирок этди. Улар орасида С.Д. Асфендияров номидаги Қозоқ миллий тиббиёт университети, Қозоғистон—Россия тиббиёт университети, Астана тиббиёт университети, «Bolashaq» академияси, Тошкент фармацевтика институти, Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти, Alfraganus University, Андижон давлат тиббиёт институти, Бошқирд давлат тиббиёт университети ҳамда бошқа нуфузли таълим муассасалари вакиллари бор эди.

Қувонарлиси, олимпиада якунларига кўра, Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти жамоаси  I ўринни эгаллади.

Мазкур натижа иштирокчи талабалар

-    Юсуфжонов Абдурашид
-    Носиров Улуғхўжа
-    Одилова Ситора
-    Жўраев Хожиакбар
-    Мўминбоев Шоҳжахоннинг чуқур назарий билимлари, юксак касбий тайёргарлиги, илмий изланишларга бўлган қизиқиши ва ўз устида мунтазам ишлашга интилишининг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.
Таъкидлаш жоизки ушбу ғалаба биринчиси эмас. 
2025 йил 27–28-ноябр кунлари Жанубий Қозоғистон тиббиёт академиясида Осиё Фанлар академияси академиги, Халқаро фанлар академиясининг Озарбайжон бўлими академиги, фармацевтика фанлари доктори, профессор Баян Сагиндикова таваллудининг 70 йиллигига бағишлаб ўтказилган халқаро фан олимпиадасида ҳам талабаларимиз нуфузли 1-ўринни қўлга киритган эдилар. (https://ftti.uz/news/65-quvonchli-va-gururli-xabar.html)
Шунингдек, 2025 йилнинг 5–6-декабр кунлари Самарқанд давлат тиббиёт университетида ўтказилган “Самарқанд-2020” тиббиёт олийгоҳлари талабаларининг VII Халқаро олимпиадасида Фармацевтика таълим ва тадқиқот институтидан 10 нафар талаба иштирок этди.

Талабаларимиздан Мамажонов Нуриддин ва Дилмуродов Маъруфжон I ўринни, Пашшакулова Севара эса III ўринни қўлга киритган эдилар. 


Бундай халқаро майдонлардаги иштирок ёш мутахассисларнинг тажриба алмашиши, касбий салоҳиятини намоён этиши ва фармацевтика соҳасидаги замонавий тенденциялар билан яқиндан танишиши учун муҳим аҳамият касб этади. Бу эса келажакда рақобатбардош ва юқори малакали кадрларни тайёрлашга хизмат қилади.
Талабаларимизнинг халқаро олимпиадаларда қўлга киритаётган муваффақиятлари билан бир қаторда, республика миқёсидаги илмий-инновацион танловлардаги иштироки ҳам институтнинг интеллектуал салоҳиятини яққол намоён этмоқда.

Жумладан, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан ҳар йили ўтказиладиган нуфузли «Мирзо Улуғбек ворислари» республика кўрик-танловида Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти талабалари фаол иштирок этиб келмоқда.

2025–2026 ўқув йилида танловнинг туман босқичларида институтнинг 30 нафар талабаси ўзининг илмий ва инновацион лойиҳалари билан қатнашди. Улардан 16 нафари ғолиб деб топилиб, вилоят босқичига йўлланма олди. Кейинги саралаш босқичлари натижасида 9 нафар талабамиз республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Қувонарлиси, республика босқичи якунига кўра институтнинг икки нафар иқтидорли талабаси мамлакатнинг энг салоҳиятли ва истиқболли ёшлари қаторига киритилиб, «Энг иқтидорли 100 нафар ёш» сафидан муносиб ўрин эгаллади.

Улар:

-    Мамарасулова Зулфия — Фармация йўналиши 1-босқич талабаси.
«QR-APTEKA» инновацион лойиҳаси билан иштирок этди.
Илмий раҳбар: Зиёева Мавжуда Набиевна.

-    Эшназаров Азиз — Даволаш иши йўналиши 1-босқич талабаси.
«Тери хавфсиз ўсмаларига қарши дори воситаси» мавзусидаги илмий лойиҳаси билан қатнашди.
Илмий раҳбар: фармацевтика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Рамазонова Камола Рамазон қизи.

Мазкур натижалар институтда ёшларнинг илмий-тадқиқот фаолиятини қўллаб-қувватлаш, инновацион ғояларни рағбатлантириш ва иқтидорли талабаларни кашф этиш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар ўз самарасини бераётганини кўрсатади.

Бугунги кунда Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти талабалари халқаро олимпиадаларда ғолиб бўлмоқда, республика миқёсидаги нуфузли танловларда юқори натижаларни қайд этмоқда, инновацион лойиҳалари билан мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда. Бу эса институтнинг нафақат таълим муассасаси, балки иқтидорли ёшлар, бўлажак олимлар ва юқори малакали мутахассислар тайёрлайдиган илмий-маърифий марказ сифатида шаклланганини яна бир бор тасдиқлайди.

 

Талабаларимиз эришаётган ҳар бир ютуқ — бу институт жамоасининг меҳнати, устозлар билим ва тажрибасининг самараси ҳамда мамлакатимиз ёшларига яратилаётган кенг имкониятларнинг амалий натижасидир. Шу боис бугунги ғалабалар келажакдаги янада юксак марралар сари ташланган мустаҳкам қадам сифатида алоҳида аҳамият касб этади.