"Фармацевтика соҳаси мунтазам малака ошириб боришни талаб қилади"

Ta`lim yo`nalishi: "Фармацевтика соҳаси мунтазам малака ошириб боришни талаб қилади"

Daraja: Malaka oshirish

Яқинда пойтахтимизнинг Юнусобод даҳасида ўз фаолиятини бошлаган Фармацевтика таълим ва тадқиқот институтининг Малака ошириш ва қайта тайёрлаш Маркази 3 ойда 500 дан зиёд фармацевт мутахассисларнинг малакасини оширишга муваффақ бўлди.  Ушбу салмоқли кўрсаткич Марказнинг пухта фундаментал техник илмий базаси, кенг имкониятлари, ресурслари, юқори малакали профессор-ўқитувчиларга эга эканлигидан далолат беради.

Марказ директори,  фармацевтика фанлари доктори, профессор Искандарова Шоҳиста Фехрузовна билан ушбу ўқув маскани тингловчиларини қабул қилиш шартлари, ўқитиш йўналишлари ва  тартиби ҳамда мутахассисларга муҳим жиҳатлари ҳақида суҳбатлашдик.    

Савол: Ҳозирда Фармацевтика таълим ва тадқиқот институтида самарали фаолият юритаётган Малака ошириш ва қайта тайёрлаш маркази қачон ўз ишини бошлаган?

Шоҳиста Искандарова: Фармацевтика таълим ва тадқиқот институтида Фармацевт кадрларни малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш маркази 2021 йилнинг ноябрь ойида ташкил этилди ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан № 015112 рақамли кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш фаолияти учун тасдиқнома берилди. Ноябрь ойида марказ ўз фаолиятини бошлади.

Савол: Ҳар қандай таклиф, илм-фан йўналишидаги лойиҳалар ҳам талабдан келиб чиқади. ФТТИда фармацевт кадрларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлашга қандай эҳтиёж бор деб ўйлайсиз?

Шоҳиста Искандарова:  Маълумки, фармацевтика соҳаси ҳар куни ўз устида  ишлашни ва мунтазам малака ошириб боришни талаб қилади. Дори воситалар бўйича маълумотлар базаси ҳар йили ўртача 15% янгиланиб боради. Ўзбекистон Республикаси  Президентининг “Тиббиёт ва фармацевтика таълим ва илм-фани тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2019 йил 6-май ПҚ-4310 қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда фармацевтика соҳасида замонавий технологиялар ва инновацияларга асосланган рақобатбардош нодавлат таълим хизматлари кўрсатилишини янада ривожлантириш мақсадида ушбу марказ фаолият олиб бормоқда.       

Савол: Бу марказнинг мавжуд бошқа қайта тайёрлаш марказлардан фарқи нимада? Ташкилот ўз олдига қандай вазифаларни қўйган?

Шоҳиста Искандарова: Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти Малака ошириш ва қайта тайёрлаш Марказида, нафақат фармацевт кадрларни малакасини ошириш, балки республикада илк бор биотехнология, метрология, стандартлаш ва маҳсулот сифати менежменти ҳамда доривор ўсимликларни парвариш қилиш технологияси (агроэкология) каби мутахассисларни қайта тайёрлаш курслари учун  керакли жиҳозлар тайёрланди ва барча меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқиб тасдиқланди ва ниҳоят, 2022 йил январь ойидан бошлаб  мазкур курсларда ўқитиш бошланди.

Савол: Бу ерда қандай йўналишларда малака ошириш мумкин? Курснинг давомийлиги ва нархи ҳақида маьлумот берсангиз.

Шоҳиста Искандарова: ФТТИнинг Малака ошириш Марказида  қуйидаги йўналишлар бўйича малака ошириш ва қайта тайёрлов курслари мавжуд:

1. Дорихона муассасалари иқтисодиёти ва фармациядаги долзарб муаммолар – 144 соатлик умумий малака ошириш курслари;

2. Фармацевтика амалиёти долзарб мавзулари – 144 соатлик умумий малака ошириш курслари;

3. Яхши ишлаб чиқариш амалиёти (GMP) миллий талабларига мувофиқ фармацевтика корхоналарида сифатни таъминлаш – 144 соатлик умумий малака ошириш курслари;

4. Дорихоналарда дори воситаларини тайёрлаш жараёнини механизациялаштириш ва автоматлаштириш – 36 соатлик қисқа муддатли малака ошириш курслари;

5. Фармацевтика бозорида маркетинг стратегияси ва тактикаси – 36 соатлик қисқа муддатли малака ошириш курслари;

6. Фармакоиқтисодиёт (илмий адабиётларни тизимли таҳлил усуллари) – 36 соатлик қисқа муддатли малака ошириш курслари;

7. Фармация таълим йўналиши бўйича қайта тайёрлов курслари (биотехнология, саноат фармацияси, метрология, стандартлаш ва маҳсулот сифати ҳамда доривор ўсимликларни парвариш қилиш технологияси (агроэкология) йўналишлари битирувчилари учун).

Марказимизда ҳозирги кунда тингловчилар учун энг имтиёзли нархлар белгиланган.

Савол: Бир вақтнинг ўзида марказ қанча тингловчини ўқита олади?

Шоҳиста Искандарова: Марказда бир вақтни ўзида 200 дан зиёд тингловчи таҳсил олиши учун шароитлар яратилган.

Савол: Самарали малака оширишда профессор-ўқитувчилар салоҳияти ва яратилган шароитлар муҳим аҳамият касб этади. Марказнинг фундаментал илмий базаси ва ресурслари ҳақида нима дея оласиз?

Шоҳиста Искандарова: Малака ошириш таълим жараёнига фан ва амалиётнинг салоҳиятли профессор-ўқитувчилари, фармацевтиканинг етакчи мутахассислари жалб қилинган бўлиб, тингловчилар  соҳага оид энг сўнгги маълумотларга эга бўладилар. Масалан: тингловчилар  реал амалиётлар шароитида фармацевтик технологияга, фармацевтика ишини ташкил қилиш, фармакология ва бошқа модуллар бўйича  энг янги маълумотларни инновацион технологиялар асосида оладилар.

Марказда фармацевтика соҳасида етарли тажрибага эга салоҳиятли устозлар - Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти илмий маслаҳатчиси, профессор Юнусходжаев Аҳмад Нигманович, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг директор маслаҳатчиси, доцент Ибрагимова Муҳаббат Яхёевна, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг лицензиялаш ва назорат қилиш бошқармаси бошлиғи, фармацевтика фанлари номзоди Зуфарова Гулнора Хайруллаевна, Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти профессори Зайнутдинов Хикматилла Суннатович, Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти Малака ошириш ва қайта тайёрлаш маркази директори, профессор Искандарова Шоҳиста Фехрузовна ва бошқалар машғулотларни олиб боришмоқда.

Савол: Малака ошириш дарслари онлайн ташкил этиладими ёки оффлайн?

Шоҳиста Искандарова: Биз тингловчиларни имкониятларидан келиб чиқиб, ҳар икки турдаги малака ошириш дарсларини таклиф қиламиз. Ўқиш турини уларнинг ўзи танлайди. Масалан: 16 февралдан бошланаётган курс мавжуд эпидемиологик аҳвол ва  тингловчиларнинг хоҳишига кўра онлайн тарзда бўлиши режалаштирилди.

Савол: Курс якунлангач, мутахассисларга қандай ҳужжат берилади?

Шоҳиста Искандарова: Курс якунида тингловчилар учун малака оширганликлари тўғрисида  Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган намунадаги сертификат берилади. Ушбу сертификат мутахассисларга фармацевтика соҳасида 5 йил фаолият юритиш имконини беради.

Савол:  Бугунги кунга қадар марказда нечта мутахассис малака оширди?

Марказ фаолиятини бошлаганига яқинда 3 ой бўлади. Ана шу қисқа давр ичида  500 дан зиёд мутахассислар ўз малакасини  оширишга муваффақ бўлишди. Улардан ташаккурнома ва миннатдорчилик хатлари келиб турибди. 

Савол: Марказнинг келгуси фаолиятидаги режалари ҳақида сўзлаб берсангиз.

Шоҳиста Искандарова: Марказимиз мутахассислари доимий изланишда десам, сира муболаға бўлмайди. Биз малака ошириш курсларига ташриф буюрган тингловчилардаги мавжуд муаммоларнинг ечимини топишга, қолаверса уларнинг келгуси фаолиятларини самарали ташкил қилиш бўйича имкониятларимизни такомиллаштириб бормоқдамиз. Келгусида ривожланган давлатлардан фармацевтика соҳасининг етакчи мутахассисларини таълим жараёнига жалб қилиш ва халқимизга намунавий фармацевтик хизмат кўрсатиш қобилиятига эга мутахассисларни тайёрлаш ниятидамиз.

- Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур. Марказнинг келгуси ишларига муваффақиятлар тилайман.

 Шоҳиста Искандарова: Раҳмат!

 

Мурожат учун телефонлар:  

(97) 137-00-50

(99) 803-28-82

(97) 138-00-50