Малака ошириш ва қайта тайёрлаш Маркази йўналишлари
Ta`lim yo`nalishi: Малака ошириш ва қайта тайёрлаш Маркази йўналишлари
Daraja: Malaka oshirish
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тиббиёт ва фармацевтика таълим ва илм-фани тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2019 йил 6-май ПҚ-4310 қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда фармацевтика соҳасида замонавий технологиялар ва инновацияларга асосланган рақобатбардош нодавлат таълим хизматлари кўрсатилишини янада ривожлантириш мақсадида Фармацевтика таълим ва тадқиқот институтида Фармацевт кадрларни малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш маркази 2021 йилнинг ноябрь ойида ташкил этилди ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан № 015112 рақамли кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш фаолияти учун тасдиқнома берилди. 2021 йилнинг ноябрь ойидан бошлаб марказ ўз фаолиятини бошлади.
Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти (ФТТИ) Малака ошириш ва қайта тайёрлаш Марказида нафақат фармацевт кадрларни малакасини ошириш, балки республикада илк бор биотехнология, метрология, стандартлаш ва маҳсулот сифати менежменти ҳамда доривор ўсимликларни парвариш қилиш технологияси (агроэкология) каби мутахассисларни қайта тайёрлаш курслари учун керакли жихозлар тахт қилинди ва барча меъёрий хужжатлар ишлаб чиқилиб, тасдиқланди ва нихоят 2022 йил январь ойидан бошлаб ушбу курсларда ўқитиш бошланди.
ФТТИнинг малака ошириш ва қайта тайерлаш марказида қуйидаги йўналишлар бўйича малака ошириш ва қайта тайёрлов курслари мавжуд:
1. Дорихона муассасалари иқтисодиёти ва фармациядаги долзарб муаммолар – 144 соатлик умумий малака ошириш курслари;
2. Фармацевтика амалиёти долзарб мавзулари – 144 соатлик умумий малака ошириш курслари;
3. Яхши дорихона амалиёти (GPP) – 36 соатлик қисқа муддатли малака ошириш курслари
4. Яхши ишлаб чиқариш амалиёти (GMP) миллий талабларига мувофиқ фармацевтика корхоналарида сифатни таъминлаш
5. Дорихоналарда дори воситаларини тайёрлаш жараёнини механизациялаштириш ва автоматлаштириш – 36 соатлик қисқа муддатли малака ошириш курслари;
6. Фармацевтика бозорида маркетинг стратегияси ва тактикаси – 36 соатлик қисқа муддатли малака ошириш курслари;
7. Фармакоиқтисодиёт (илмий адабиётларни тизимли таҳлил усуллари) – 36 соатлик қисқа муддатли малака ошириш курслари;
8. Фармация таълим йўналиши бўйича қайта тайёрлов курслари (биотехнология, саноат фармацияси, метрология, стандартлаш ва маҳсулот сифати ҳамда доривор ўсимликларни парвариш қилиш технологияси (агроэкология) йўналишлари битирувчилари учун).
Бизнинг марказимизда ҳозирги кунда тингловчилар учун энг имтиёзли нархлар белгиланган.
Марказда фармацевтика соҳасида етарли тажрибага эга салоҳиятли устозлар - Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти илмий маслаҳатчиси, профессор Юнусходжаев Аҳмад Нигманович, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг директор маслаҳатчиси, доцент Ибрагимова Муҳаббат Яхёевна, Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти Малака ошириш ва қайта тайёрлаш Маркази директори, профессор Искандарова Шохиста Феҳрузовна, Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти профессори Зайнутдинов Хикматилла Суннатович, Малака ошириш ва қайта тайёрлаш Маркази доцентлари Салямова Шахло Туракуловна, Абдижалилова Зилола Хикматиллаевна, Абдухалилова Нилуфар Сабировна, Исламова Марғуба Зиятовна ва бошқалар машғулотларни олиб боришмоқда.
Курс якунида тингловчилар учун малака оширганликлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган намунадаги сертификат берилади. Бу мутахассисларни кейинги беш йилликда ўз фаолиятларини давом эттириш имконини беради.