“Талабалик – олтин давр”

Бу нақлни ўзимиз талаба бўлган вақтимизда катталардан эшитиб: “муболаға қилишяпти, балким уларнинг даврида талаба бўлиш осон бўлгандур”, - деб ўйлаганмиз ҳам.

Аммо, ҳозир кун сайин биздан узоқлашаётган талабалик даврини қўмсаб, ўзимиз ҳам ёшларга “Талабалик – олтин давр” дегимиз келади. Бугунги талабаларга ҳавас билан боқамиз.

 

Мана бугун ҳам, Фармацевтика таълим ва тадқиқот институтининг  юртимизнинг муҳташам Ўзбек миллий академик театрида жам бўлган  талабаларига қараб туриб, атрофдаги барча ёши улуғларнинг уларга чинакамига ҳавас қилишгани табиий. Бўлажак фармацевт ва шифокорларнинг  оппоқ халат кийиб, томоша залини тўлдириб ўтиришлари, уларнинг нигоҳларидаги қувонч педагогларнинг ҳам, тадбирга ташриф буюрган ота-оналарнинг ҳам қалбларида фахр ва ғурур уйғотди.

 

Тадбир, анъанага мувофиқ юртимиз мадҳияси билан бошланди.

Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти асосчиси ва илмий маслаҳатчиси, профессор Ахматхўжа Ниғмонович Юнусхўжаев  1-босқич   талабаларни муборакбод этиб, институтнинг барча имкониятларидан унумли фойдаланиб,  келажакда малакали мутахассис бўлишга чорлади.

 

Институт ректори Азиз Файзаматович Дўсматов ҳам сўз олиб, институт ташкил бўлганига оз вақт бўлишига қарамай, малакали педагоглар бошчилигида талабаларимиз қатор ютуқларни қўлга киритаётганлари ҳақида тўхталиб ўтди ҳамда 1-босқич талабаларидан ҳам ана шундай тиришқоқлик ва фаолликни кутиб қолишларини таъкидлади.

 

А.Ф. Дўстматов Ilmiy startaplar C.A.T accelator 5.0 mavsumda ўз ихтиролари билан иштирок этиб, республика босқичида 2- ва 3-ўринларни эгаллаган талабаларимиз Ўринова Дилноза, Дилмуродов Иаъруфжон ҳамда Ихтирочи аёл-2023” танловида ғолибликни қўлга киритган Сайфуддинова Саодатни  барча талабалар олдида яна бир бор ғалаба билан табриклади.

 

 

Тадбирнинг бадиий қисмида 1-босқич талабаларидан бир гуруҳи ўзларининг нотиқлик санъатларини намойиш этиб, Ватанни, Ёшликни, Муаллимларни тараннум этган шеърларни ёд олишди. Шахноза Қуванова ижро этган “Ўзбегим” қўшиғи барчага бирдек манзур бўлди.

 

 

Тадбирнинг тантанали ва ҳаяжонли дақиқалари етиб келди. Институтнинг 1-босқич талабалари барча йиғилганлар олдида ўз танлаган соҳаларида малакали мутахассис бўлиб етишишга, Ватанимиз равнақи ва тараққиёти йўлида фидокорона хизмат қилишга тантанали қасамёд қилишди.

 

Талабалар миннатдорлик тимсоли сифатида педагог-мураббийларга гулдасталар тақдим этишди.

Кўнгилларда ҳаяжон уйғотувчи лаҳзаларга бой бўлган ушбу маросим, талабалар учун янада маъсулият билан билим эгаллашларига замин бўла олади, деб ишонамиз.

 

 

 

Ўзбек миллий академик драма театрининг атоқли ижодкорлари ҳам ўз туҳфаларини тақдим этишди. Режиссёр Асқар Холмўминов томонидан саҳналаштирилган Нурилло Аббосхон қаламига мансуб “Ўзгалар дарди” спектакли йиғилганларда катта таасурот қолдирди.

 

 

 

Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти
матбуот хизмати