Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олиш 2023 йилда амалга оширилади

Аҳолини рўйхатга олиш шунчаки статистика эмас, балки бу мамлакат аҳолисининг маълум бир вақтдаги фотосуратини кўриш имкониятини берадиган йирик миқёсдаги тадбир ҳисобланади. Рўйхатга олиш маълумотлари аҳолининг сони, таркиби ва тақсимланиши тўғрисида тўлиқ тасаввурни уйғотади. Бундан ташқари, миллий ривожланиш стратегияларини ишлаб чиқишда фойдаланиладиган демографик ўзгаришларнинг тенденцияларини ўрганишга имконият яратади. 

Аҳолини рўйхатга олиш тадбири давлат даражасидаги кенг кўламли, кўп вақт ва катта маблағ талаб этадиган тадбир бўлиб, уни ўтказиш учун халқаро талабларга асосан 2-3 йил давомида тайёргарлик ишларини олиб бориш талаб этилади. 

Республикамизда мустақиллик йилларида аҳолини рўйхатга олиш тадбири илк бор ўтказилаётганлигини инобатга олиб, тадбирга пухта тайёргарлик кўриш ва уни сифатли ўтказиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 710-сон қарори қабул қилинди.

Қарор билан Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олиш 

2023 йил 1-25 ноябрь кунлари амалга оширилиши белгиланди.

Мазкур қарор Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг ташкилий ва услубий тамойилларини, аҳолини рўйхатга олиш дастури ва саволномаларини, дастурий-техник таъминоти ва маълумотларни қайта ишлашнинг технологик жараёнларини синовдан ўтказиш ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнларидаги масъулиятини янада ошириш мақсадида ишлаб чиқилди

Юнусобод туман статистика бўлими