Фармацевтика таълим ва тадқиқот институтида ўқитувчи ва мураббийлар куни нишонланди

1 октябрь куни юртимизда “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” кенг нишонланади. Шу муносабат билан бугун Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти талабалари устозларни  бадиий кеча ташкил этиб, ўзбек ва чет тилларида шеър, куй-қўшиқ ва рақслар ижро этиб  самимий табриклашди.  

Тиббиёт Академиясидан таклиф этилган талабалар ҳам ўз чиқишлари билан йиғилганларга кўтаринки кайфият улашишди.

Фурсатдан фойдаланиб биз ҳам ўқитувчилик касби ҳақида илиқ фикрларни айтишни лозим деб топдик.

Ўқитувчилик – машаққатли касб. Ҳар ким ҳам унинг масъулиятини кўтара олмайди. Фидойилик ва чинакам жасоратни талаб қилувчи бундай ноёб касб эгаси бўлиш камдан-кам инсонга насиб этади.

Оила ташвишлари, фарзандлари тарбиясидан ортиб, турли орзу-ҳаваслардан воз кечиб, ўзи учун фақат бир маротаба бериладиган ҳаёт деб аталувчи неъматни ўзгалар учун сарф қилиш яна қайси инсоннинг қўлидан келади? Кимнинг қўлидан ўз соғлиғини гаровга қўйиб, ўзгалар кўзида қувонч порлаши учун бутун борлиғи билан ҳаракат қилиш келади?

Устозларнинг қўлига қанча фарзандларнинг келажаги ишониб топширилади? Нечта авлоднинг тақдири улар зиммасига юкланади? Қанча оилаларнинг эртанги куни мураббийларга боғлиқ бўлади?

Мана шундай оғир юкни ўз елкасига орта билган инсонни мард ва жасоратли деб атамаслик мумкинми?

Байрам муборак бўлсин азиз устоз ва мураббийлар!

Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти

Матбуот хизмати