GSК, Pfizer ва Sanofi компаниялари Zantac бўйича даъволар туфайли 36 миллиард долларни бой берди
GSК, Pfizer ва Sanofi каби бир қатор йирик компанияларга тегишли акциялар инвесторларнинг Zantac препарати билан боғлиқ хавотирлари туфайли тушиб кетди. Уни қўллаган беморлар саратон касаллигини келтириб чиқаришига ишонишмоқда ва судга бу борада минглаб мурожаатлар бўлган.
Бир неча йирик фармацевтика компанияларининг бозор капитализацияси сўнгги икки кун ичида 30 миллиард фунт стерлинг (36 миллиард доллардан ортиқ)га қисқарди, деб хабар бермоқда Тhe Financial Times. Нашрнинг ёзишича, сармоядорлар Zantac препарати бўйича суд жараёнлари натижасидан қўрқиб, маблағларини қайтариб олишмоқда.
2019 йилда FDА препаратнинг N-нитрозодиметиламин (НДМА) билан зарарланиши юзасидан текширув бошлагач, Sanofi Zantacни ихтиёрий равишда АҚШ бозоридан чиқариб ташлаган эди.
2020 йилда FDA маҳсулот иссиқлик таъсирида саратонга олиб келадиган кимёвий моддаларни ҳаддан зиёд миқдорда ишлаб чиқаришини қайд этди ва уни бозордан олиб ташлашни талаб қилди.
Айни пайтда илгари Zantac савдоси билан шуғулланган бир қатор фармацевтика компанияларига қарши 2000 дан ортиқ иш кўрилмоқда. Sanofi препаратни 2017 йилдан 2019 йилга қадар АҚШда сотган. Бунгача уни Boehringer Ingelheim 2006 йилдан 2017 йилгача, Pfizer 2000 йилдан 2006 йилгача ва GSK 1995 йилдан 1998 йилгача сотган. Даъволарнинг биринчиси шу ойда Иллинойс штати судига ўтказилиши кутилмоқда.
GSK акциялари ўз қийматининг 14 фоизини, Haleon (яқинда алоҳида компанияга айланган GSK бўлими) эса 15 фоизини йўқотди. Sanofi акциялари миқдор жиҳатидан 12%га, Pfizer'ники эса 3,4%га тушиб кетди.
Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти Матбуот хизмати