Фармацевтика таълим ва тадқиқот институтида тест синовлари бошланди. Шаффофлик таъминланаяптими?

Бугун Фармацевтика таълим ва тадқиқот институтида бакалавриат йўналишига кириш учун ҳужжат топширган абитуриентлар учун тест синовлари бўлиб ўтмоқда. Айтиш лозим, институт раҳбарияти томонидан тест синовларини юқори савияда, шаффоф ва холис ўтказиш учун барча тайёргарлик кўрилди. Жумладан, абитуриентларга қулай бўлиши учун онлайн ариза қабул қилиш ҳам ташкил этилди. Бугун тест синовлари бўлиб ўтаётган ҳудудга жамоат тартибини сақлаш учун Миллий гвардия ва тиббиёт ходимлари жалб қилинди.

Ҳар бир абитуриент шахсини тасдиқловчи ҳужжат, рухсатнома билан синов ҳудудига киритилди.

Тест синовлари ўтадиган аудиториялар барча замонавий кузатув камерлари билан жиҳозланган, ота-оналар ва абитуриентларнинг яқинлари учун шароитлар яратилди, салқин ичимликлар савдоси ташкил қилинди.

Аудиториялар абитуриентлар учун сув, ручка, Менделеев даврий системаси билан таъминланган.

Бундан ташқари, ҳар бир аудиторияда кузатувчилар жалб қилинган бўлиб,  улар имтиҳон жараёнини кузатиб, тартиб қоидаларни таъминлаб борадилар.

Айни дамларда рус ва ўзбек таълим тилларида фармация ва саноат фармация йўналишлари бўйича тест синовлари бошланди.

Жараёнлардан хабар бериб борамиз, бизни кузатишда давом этинг.


ФТТИ Матбуот хизмати