Озарбайжонда маҳаллий фармацевтика маҳсулотларимизни рўйхатдан ўтказиш масалалари муҳокама қилинди
Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Лазиз Қудратов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Озарбайжон Республикасига ташриф буюрган.
Ташриф доирасида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги вакиллари Абшерон ярим оролида жойлашган Пираллахи саноат паркига боришди. Бундан кўзланган мақсад фақат фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун мўлжалланган, алоҳида имтиёзли шартларга эга иқтисодий зона фаолиятини ўрганишдан иборат.
Ташриф давомида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Улуғбек Эгамов Озарбайжон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг Иқтисодий ҳудудларни ривожлантириш агентлиги вакиллари билан дори воситалари ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича музокаралар олиб борди.
Музокаралар давомида Озарбайжон томони ҳам лойиҳани амалга оширишдан манфаатдор эканликларини билдириб, Пираллаҳи саноат парки ҳудудида жойлашган «R-Pharm» ва «Diamed» компаниялари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича таклифларни билдиришди.
Учрашув якунида Фармагентлик вакиллари «Diamed» ва «R-Pharm» фармацевтика компаниялари фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида ушбу заводларини кўздан кечиришди.
Таъкидлаш жоизки, юқоридаги ҳамкорлик лойиҳасини амалга ошириш доирасида Ўзбекистон фармацевтика корхоналари бир қатор имкониятларга эга бўлади.
Жумладан:
- маҳсулотларни Озарбайжонга божхона солиқлари ва ҚҚС ундирмаган ҳолда олиб кириш;
- дори воситаларини давлат харидларида иштирок этишда имтиёзлар (маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга устунлик берилади);
- Озарбайжон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Аналитик экспертиза марказида дори воситаларини жадал рўйхатга олишни амалга ошириш;
- иқтисодий зоналар резидентларига бериладиган имтиёзларни олиш;
- Озарбайжон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ҳузуридаги Экспортни ривожлантириш жамғармаси ва Иқтисодиёт вазирлигининг бошқа бўйсунувчи ташкилотлари ҳисобидан маҳсулот экспорт қилиш учун қўшимча имкониятлар олиш, Озарбайжонда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш.
Учрашувлар давомида агентлик вакиллари Озарбайжон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги фармацевтика маҳсулотларини рўйхатга олиш билан шуғулланувчи Aналитик экспертиза марказига ҳам боришди.
Марказ раҳбарияти билан бўлиб ўтган учрашувда томонлар мамлакатимизда ишлаб чиқарилган дори воситаларини Озарбайжонда рўйхатдан ўтказиш имкониятларини муҳокама қилдилар. Хусусан, айни пайтда Марказда 20 дан ортиқ мамлакатимизда ишлаб чиқарилган дори воситалари рўйхатга олингани, 11 та дори воситаси рўйхатдан ўтиш босқичида экани маълум қилинди.
Томонлар мамлакатимизда ишлаб чиқарилган дори воситаларини белгиланган тартибда Марказда рўйхатдан ўтказиш тартиб-таомилларини соддалаштириш бўйича келишиб олдилар. Шунингдек, маҳаллий фармацевтика компанияларига Озарбайжон бозорига киришда кўмаклашиш мақсадида Aгентлик ва Марказ ўртасида Ўзбекистон дори воситаларини Озарбайжонда рўйхатдан ўтказиш тартиб-таомилларининг бориши тўғрисида доимий асосда ахборот алмашинувини йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди.
Шунингдек, ташриф давомида Озарбайжондаги фармацевтика компаниялари билан B2B учрашувлари ташкил этилди. Унинг доирасида Озарбайжоннинг доривор ва ўсимлик хомашёси асосидаги биологик фаол қўшимчаларини йирик ишлаб чиқарувчилардан бири бўлган “Herba Flora” компанияси билан музокаралар олиб борилди.
Музокаралар натижасида корхона хомашёнинг 70 фоизини хориждан сотиб олиши муносабати билан Aгентлик томонидан Ўзбекистонда етиштириладиган доривор ва ўсимлик хомашёсини етказиб беришни ташкил этиш таклифи билдирилди. Томонлар компанияга зарур бўлган хомашё рўйхатини Ўзбекистон томонига жўнатиш, Ўзбекистон хомашё базасига эга бўлган позицияларни аниқлаш, доривор ва ўсимлик хомашёсини экспорт қилишни ташкил етиш бўйича келгусида маҳаллий компаниялар билан ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олдилар.
Бундан ташқари, Aгентлик томонидан Озарбайжондаги фармацевтика маҳсулотлари дистрибюторлари, 10 дан ортиқ фармацевтика компаниялари вакиллари билан учрашувлар ўтказилиб, уларга фармацевтика маҳсулотларини экспорт қилувчи мамлакатимиз корхоналари тўғрисида батафсил маълумотлар акс эттирилган тарқатма материаллар тақдим этилди.
Манба: https://t.me/Uzpharm_agency