Тошкентда Биринчи халқаро фармацевтика форуми очилди
Жорий йилнинг 15 июнь куни “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонасида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, шунингдек Хорижий фармацевтика компаниялари ва ишлаб чиқарувчиларининг Ўзбекистон Республикасидаги ваколатхоналари Ассоциацияси томонидан ташкил этилган Биринчи халқаро фармацевтика форуми ўз ишини бошлади.
Ушбу форум анжуман давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, фарммаҳсулотларни маҳаллийлаштириш ва экспорт қилиш ҳажмини ошириш, Ўзбекистонда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун хорижий компанияларни жалб қилишга қаратилган. Тадбир маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчилар, соҳани тартибга солувчи органлари, сотувчи ташкилотлар ва фармацевтика бозори мутахассислари ўртасида энг яхши тажриба ва амалиёт, инновацион услуб ва технологиялар алмашинуви учун платформага айланишга мўлжалланган. Анжуманда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳамда бошқа тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида Ўзбекистонда илк бор ўтказилаётган мазкур тадбирда 100 дан ортиқ етакчи маҳаллий ва халқаро корхоналар вакиллари қатнашмоқда. Анжуманни Соғлиқни сақлаш вазири Б.Мусаев очиб берди.
Соғлиқни сақлаш вазири Б.Мусаев таъкидлаганидек, бугунги кунда мамлакатимизда 220 дан ортиқ фармацевтика ишлаб чиқариш корхонаси фаолият юритмоқда. Қарийб 4 минг номдаги маҳаллий дори воситалари ва тиббиёт буюмлари рўйхатга олинган.
Ўтган йили маҳаллий корхоналар томонидан умумий қиймати 3,8 трлн. сўмлик фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарилди ва 2020 йилга нисбатан ўсиш ҳажми 29 фоизни ташкил этди.
Шунингдек, нуфузли анжуманнинг очилиш маросимида сўзга чиққан маърузачиларнинг таъкидлашича, сўнгги 5 йил ичида мамлакатимизда мазкур тармоқда қиймати қарийб 500 миллион долларлик 100дан ортиқ инвестиция лойиҳалари ишга туширилди, уларнинг 65 таси хорижий инвесторлар иштирокида ташкил этилган. Бунинг натижасида фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2,5 баробар, экспорт ҳажми эса қарийб 5 баробар ошди. 7 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.
Маҳаллий фармацевтика саноатини ривожлантиришда кўп йиллик офтейк-шартномалари (олдиндан келишилган шартлар асосида келажакда ишлаб чиқарилиши режалаштирилган маҳсулотларни сотиб олиш шартномаси) асосида кафолатли сотиб олиш тизимини жорий қилиш, эркин иқтисодий ва фармацевтика зоналарини яратиш, фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларини молиявий қўллаб-қуватлашнинг самарали механизмларини жорий этиш, хусусан, клиник синовларини ўтказиш, транспорт харажатларини қоплаш учун миллий фармацевтика корхоналарига субсидиялар ажратиш, хорижий мамлакатларда маҳсулотларни рўйхатдан ўтказиш ва сертификатлаш, шунингдек, GMP (Самарали ишлаб чиқариш амалиёти), GDP (Маҳсулотларни самарали тарқатиш амалиёти) ва GPP (Яхши дорихона амалиёти) халқаро сифат стандартларини ҳаётга татбиқ этиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш тенденциялари кўзатилаётганлиги таъкидланди.
Форумда 100 дан ортиқ етакчи маҳаллий ва хорижий фармацевтика компаниялари вакиллари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, хорижий дипломатик ваколатхоналар, шунингдек йирик дорихона тармоқлари ва дистрибьюторлар вакиллари иштирок этмоқда. Тадбир доирасида Ўзбекистон фармацевтика тармоғини ривожлантириш, унинг инвестициявий ва саноат салоҳиятидан самарали фойдаланиш, қўшма корхоналарни ташкил қилиш истиқболлари, шунингдек фармацевтика соҳасида интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш чоралари кўриб чиқилади. Шунингдек, иштирокчилар пандемиянинг тармоқ ривожига таъсири ҳамда қовиддан кейинги даврда фармацевтика саноатининг ривожланишидаги тенденцияларини муҳокама қиладилар.
Ҳамкорлар, хорижий бизнес вакиллари ва Форум меҳмонлари эътиборига маҳаллий ва минтақавий бозорларда юқори талабга ҳамда қўшилган қийматга эга бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган аниқ инвестициявий таклифлар бўйича тақдимотлар ҳавола этилди.
Маълумот учун: ҳозирги кунда Ўзбекистонда 221 фармацевтика ишлаб чиқариш корхонаси фаолият кўрсатмоқда, 140 дорихона дори – дармон ишлаб чиқаришга, 616 ташкилот – фармацевтика маҳсулотларини улгуржи сотишга ҳамда 15790 дорихона ва уларнинг филиаллари дори-дармон ва тиббий маҳсулотларнинг чакана савдосига ихтисослашган. 2021 йилда маҳаллий корхоналар томонидан 3,8 триллион сўмлик фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарилди, ишлаб чиқариш ҳажми эса 2020 йилга нисбатан 20 фоизга ошди.
Бугун Ўзбекистоннинг Биринчи халқаро фармацевтика форуми доирасида “Avicenna Heritage” - “Абу Али ибн Сино мероси” деб номланган Доривор ўсимликлар маҳсулотларининг Биринчи халқаро кўргазмаси ўз ишини бошлади. Самарқанд вилояти ҳокими ёрдамчиси Нозир Ибрагимов, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори ўринбосари Жамшид Эшмурадов, Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Фарҳоджон Тошпўлатов, Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Алишер Тўраев ва Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ўринбосари Алижон Мамакаримовлар рамзий ленталарни кесиб кўргазмага расман старт берди.
ССВ ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Самарқанд вилоят ҳокимлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Ўрмон ҳўжалиги давлат қўмитаси ташаббуси билан ташкил этилган бугунги кўргазмада доривор ўсимликларни етиштирувчи ва уни қайта ишловчи ҳамда доривор ўсимликлар асосида биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқарувчи 100 га яқин маҳаллий тадбиркорлар шунингдек, Ўзбекистон кимё-фармацевтика илмий-тадқиқот институти, Ўзбекистон халқ табобати ассоциацияси, Шарқ табобати институти вакиллари ва Республика миқёсида ташриф буюрган 80 га яқин тиббиёт ходимлари иштирок этишмоқда. Таъкидлаш жоиз, Республикада сўнгги йилларда доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, доривор ўсимликлар етиштириладиган плантациялар ташкил этиш ва уларни қайта ишлаш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан Президентимиз томонидан соҳага оид имзоланган бир қатор фармон ва қарорлар юртимизда доривор ўсимликларни етиштириш, қайта ишлаш шунингдек, уларнинг экспортини амалга ошириш борасида кенг имкониятлар яратди.
ФТТИ Матбуот хизмати