Бугун — бутунжаҳон донорлар куни

Маълумки, 2005 йил май ойида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Халқаро Ассамблеясида дунё давлатлари соғлиқни сақлаш вазирлари якдиллик билан беғараз қон донорлигини қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги таклифни маъқуллаган эди.

Шундан буён ҳар йили "14 июнь — Бутунжаҳон донорлар куни" сифатида кенг нишонланади. Юртимизда ҳам ушбу санага бағишланган турли тадбирлар, хайрия акциялари ўтказиш эзгу анъанага айланган.

Маълумотларга кўра, ҳар бир мамлакат ўз аҳолисининг қонга бўлган талабини қондириш учун 1000 нафар кишига донорлар сони 30 нафар ва ундан ортиқ бўлиши, қон компонентлари билан таъминлаш учун эса донорлар сони ҳар 1000 нафар кишига 10 нафар ёки аҳоли сонига нисбатан 1 фоизни ташкил этиши зарур.

Ўзбекистонда эса бу рақам 5 нафарга тўғри келади. Агар мазкур кўрсаткич 10 нафарга ошса, халқимизнинг қонга бўлган талаби 100 фоизга қопланади. Агар 50 нафар одам қон топширса, нафақат талаб қондирилади, балки қон плазмасини қайта ишлаш орқали альбумин, иммунглобулин каби дори препаратлари тайёрлаш мумкин.

Шу ўринда қисқача маълумот: 2020 йил юртимизда 95,5 тонна соф қон тайёрланган бўлса, бу рақам 2019 йилда 96,5 тонна, 2018 йилда эса 85,2 тоннани ташкил этди. 2021 йилда эса тиббиёт муассасаларига 113 тонна сифатли қон етказиб берилди.

Мамлакатимизда 18 ёшдан 60 ёшгача, вазни 50 килограммдан юқори, гемоглабин миқдори меъёрида бўлган (эркакларда 128 г/л, аёлларда 120 г/л) ҳар бир шахс донор бўлиши ва йилига 4 марта қон топшириши мумкин. Ҳар бир топширилган қоннинг максимал миқдори 450 миллилитрга тенг.

Таъкидлаш лозимки, коронавирус пандемияси даврида бутун дунёда бўлгани каби юртимизда ҳам донорлар сони кескин камайишига сабаб бўлди. Оқибатда оғир беморларнинг донорлик қонига бўлган талаби сезиларли даражада ошди.

Қолаверса, сўнгги йилларда юртимизда ноёб юрак операциялари, инсон тана аъзоларини кўчириб ўтказиш каби мураккаб жарроҳлик амалиётларининг йўлга қўйилиши ҳамда хавфли касалликлар диагностикасининг яхшиланиши сабабли сифатли қон компонентларига бўлган эҳтиёж янада ортди.

Шу сабабли жорий йил март ойида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан “Қон топшир – ҳаёт инъом эт!” хайрия акцияси ўтказилди ва унда тиббиёт ходимлари биринчилардан бўлиб қон топширди.

Қувонарлиси, ушбу тадбир қисқа вақт ичида юртимиз бўйлаб кенг қулоч ёзиб, вазирлик ва идоралар ходимлари, маҳаллий бошқарув органлари раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари томонидан қўллаб-қувватланди.

Айтиш жоизки, мамлакатимизда ўз қонини камида 40 марта, қон компонентларини 60 марта топширган кишилар фахрий донор ҳисобланади. Юртимизда ана шундай меҳрли ва қалби эзгуликка тўла инсонлар “Ўзбекистон Республикаси фахрий донори” кўкрак нишони ва бир йўла тўланадиган пул мукофоти билан тақдирланади.

Шу ўринда Соғлиқни сақлаш вазирлиги юртдошларимизни беғараз донор бўлишга ва ёрдамга муҳтож беморларга кўмак беришга чақиради.

 

Манба: ssv.uz