ФТТИ кимё ва биология фани олимпиадаcи ғолибларини грант асосида ўқишга қабул қилади
Навоий шаҳрида ўтказилган IV Республика фан олимпиадасида республикамизнинг 14 та ҳудудидан 196 нафар ўқувчи ёшлар иштирок этди. Улар туман, шаҳар босқичида саралаб олинган ўқувчилар бўлиб, билимдонлар беллашуви бўлган сўнгги босқич ҳаяжонли кечди. Маълумки, республика босқичи ғолибларига бир нечта имтиёзлар берилади. Икки кун давом этган фан олимпиадасининг Республика босқичида 7 та йўналиши бўйича ғолиблар аниқланди. Биология ва кимё фанлари бўйича ўтказилган имтиҳонларда 85 нафар ўқувчи ўз билим ва тафаккурини синовдан ўтказди. Олимпиадада республикамизнинг академик лицей ва мактабларининг 11-синф битирувчилари иштирок этди. Фан олимпиадасининг ёпилиш маросимида 7 йўналиш бўйича ғолиблар эълон қилиниб тақдирланди.
Кимё фанидан Жумаева Мукаррама (Бухоро) -1 ўрин, Эргашев Муродбек 2-ўрин (Қашқадарё), Шайматов Шерзод 3-ўрин (Навоий)ни эгаллади. Биология фанидан Иззатуллаев Жавоҳир 1-ўрин (Навоий), Миркомилова Осиёхон 2-ўрин (Андижон), Мухторов Азизбек 3-ўрин (Жиззах). Ғолибларга Фармацевтика таълим ва тадқиқот институтининг имтиёзли сертификати ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Сертификатга кўра, фан олимпиадасида кимё ва биология фанларидан 1-ўринни эгаллаган икки нафар ўқувчи ФТТИга грант асосида ўқишга қабул қилинади. 2 -ўринни эгаллаган ёшлар 50% , 3-ўрин соҳиблари 25% чегирма билан ФТТИда таълим олиш имтиёзига эга бўлди.
Шунингдек, кимё ва биология фанлари олимпиадаларининг барча иштирокчиларига ФТТИга кириш имтиҳонларисиз қабул қилиниши бўйича сертификатлар берилди.
ФТТИ матбуот хизмати