ФТТИда Цзянси анъанавий хитой табобати университети вакили билан учрашув бўлиб ўтди
Кеча Фармацевтика таълим ва тадқиқот институтида Цзянси анъанавий хитой табобати университети вакили билан учрашув бўлиб ўтди. Цзянси анъанавий хитой табобати университети вакили Екатерина хоним билан ўтган учрашувда ФТТИ институт ректори Азиз Дўсматов, ўқув ишлари бўйича проректори Шахноза Умарова, Малака ошириш ва қайта тайёрлаш маркази директори Шоҳиста Феҳрузовна ҳамда институт мутахассислари қатнашишди.
Мулоқот аввалида сўз олган ФТТИ институти ректори А.Дўсматов Хитой томонига аввало ҳамкорлик қилиш таклифи учун миннатдорлик билдириб, институт жамоаси университет билан халқаро миқёсда талабалар алмашиш, малака ошириш, тадқиқотлар олиб бориш ҳамкорлик қилиш истагида эканлигини айтди. Цзянси анъанавий хитой табобати университети вакили олий ўқув юрти, унинг имкониятлари ҳақиа сўзлаб берди. Ўз навбатида ФТТИ ва унинг илмий салоҳияти ҳақида ахборот берилди.
Учрашувда ФТТИ ректори Цзянси анъанавий хитой табобати университети билан бакалавр, магистратура йўналишларида ўқитиш борасида ҳамкорликда қилиш дастур ишлаб чиқишга ва шу йўналишда ҳамкорлик қилиш қизиқарли эканини, ҳамкорликда тайёрланадиган мутахассислар келажакда халқ табобати илмини замонавий тиббиёт ютуқлари билан уйғунлаштирган ҳолда амалиётда қўллашлари мумкин бўлишини айтди.
Қизғин ўтган мулоқотда йиғилганлар ўзаро ҳамкорликни амалга ошириш йўналишлари, фаолиятининг асосий қирралари, тенг манфаатли лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш, истиқболда ўзаро имкониятларни уйғунлаштирган ҳолда юқори натижаларга эришиш борасида фикр алмашишди. Томонлар бакалаврни 2 йил Ўзбекистонда, 2 йил Хитойда таҳсил олиш системасини йўлга қўйиш борасида музокаралар олиб боришди. Эришилган келишувлар икки томон учун ҳам бирдек аҳамиятли ва манфаатлилиги бир овоздан эътироф этилди. Учрашувдан сўнг, Екатерина хоним ФТТИ биноси, лабораториялари билан танишди.
ФТТИ ахборот хизмати