ФТТИ ва “GRANDPHARM TRADE” компанияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Маълумот учун айтадиган бўлсак, “GRANDPHARM TRADE” компаниялар гуруҳидан – “Grand Pharm Trade” дистрибьюторлик хизмати, “Best farm” чакана дорихоналар тармоғи, “GoPharm” етказиб берувчи онлайн-дорихона, “Grand health marketing” ва “Best marketing” тиббиёт маркетинги ҳамда “GPH Academy” таълим йўналиши ўрин олган. “GRANDPHARM TRADE” компанияси 2005 йилда дори воситаларининг улгуржи савдоси билан шуғулланадиган компания сифатида ташкил топган бўлиб, 2017 йилда дистрибьюторлик компаниясига аптека тармоғи қўшилди. 6 нафар ходим билан иш бошлаган ушбу ташкилот 2018 йилнинг охирида 728 нафар ходимга эга бўлди. Дистрибьюторлик йўналиши доирасида компания Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган 300 дан ортиқ ҳамкорлар билан иш олиб боради.
Кеча Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти “GRANDPHARM TRADE” компанияси билан ҳамкорлик меморандумини имзолади. Компаниянинг “GPH Academy” таълим йўналиши директори Юлдуз Гафурова ҳамкорлик келишуви мақсадлари ҳақида шундай дейди:
Республикамизда фармацевтика соҳасида кадрлар танқис, малакади мутахассислар етишмайди. “GRANDPHARM”нинг ҳам жорий ва келгуси 5 йил учун катта мақсадлари бор. Биз бутун республика бўйлаб чакана дорихоналар тармоғини ривожлантирмоқдамиз, бу борада бизга ҳудудлар доирасида ҳамкорлик қилишимиз мумкин бўлган ёш мутахассисларга эҳтиёж бор. Бу қарор ФТТИ билан ҳамкорлик қилишимизнинг асосий сабабидир. Компаниямиз юртимиз фармацевтика саноатини ривожлантиришга ҳисса қўшишни асосий вазифаларидан бири деб билади. Ташкилотимиз дори-дармонларни мижозлар учун қулайроқ бўлишини таъминлаш миссиясини ўз олдига қўйган. Бугун биз институт биноси, унинг барча имкониятларини кўриб танишдик. Институт энг замонавий ускуналар билан таъминлаган лабораторияларга эгалиги, унда талабалар амалий машғулотлар ўтказиши мумкинлиги бизни қувонтирди. Ўқитувчилар учун яратилган қулайликларни ҳам алоҳида қайд этиб ўтиш лозим. Таълим сифатини таъминлашда бу жуда муҳим омил. Бундан ташқари, олий ўқув юртининг ўқитувчилар таркиби эътиборимни тортди. Малакали, билимли профессор-ўқитувчилар таълим жараёнига жалб қилинган.
Аҳоли сони ва умр кўриш давомийлиги муттасил ошиб бораётган замонавий дунёда фармацевтика саноати алоҳида ўрин тутади. Бу соҳа илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларига сарфланадиган харажатлар бўйича ҳақли равишда дунёдаги энг юқори технологик тармоқ саналади ва табиий равишда соҳада жаҳон андозаларига жавоб берадиган мутахассислар тайёрлашга зарурият бор.
Ташкилотларимиз ўртасида турли ҳамкорлик схемаларини жорий этиш олий таълим муассасаси билан яқинлашув талабаларнинг билим олиш самарадорлигини ҳамда фармацевтика маҳсулотлари ва хизматлари сифатини оширишда кучли даромад, синергия бериши мумкин. Менимча, бугунги кун воқелигида бундай ҳамкорлик мантиқан тўғри келади, чунки компания олий таълим муассасасининг академик таълимидан ташқари, ушбу соҳадаги барча илғор малака ошириш ва амалий ишланмаларни тақдим эта олади. Меморандумни имзолаш доирасида бизда “Йўл харитаси” ҳам кўзда тутилган, институт профессор-ўқитувчилари таркиби билан ўтказилган йиғилиш натижаларига кўра, бугунги куннинг ҳақиқий бизнесини инобатга олган ҳолда “Йўл харитаси” ўзгариши маълум бўлди, эҳтимол, “GRANDPHARM” мисолида, ўқув дастурида талабаларни ярим тайёр мутахассис сифатида қабул қилиш имконини берадиган ҳолатлар ёки стандартлар мавжуд бўлади. Улар бугунги кун бизнесидан хабардор бўлишади- дейди “GRANDPHARM TRADE” компаниясининг “GPH Academy” таълим йўналиши директори Юлдуз Гафурова.
ФТТИ ва “GRANDPHARM TRADE” компанияси келишувига кўра, эндиликда талабалар ўртасида танловларни ўтказган ҳолда “GRANDPHARM SCHOLARSHIP” номли стипендия жорий қилиш режалаштирилмоқда. Танловларда ёшларнинг ғояларига асосий эътибор қаратилади, чунки ёшлар эндиликда стандарт қолипларда эмас, балки янгича ижодий қарашлар билан фикрлаши лозим.
ФТТИ матбуот хизмати