Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти Хитой Фармацевтика университети билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатмоқда

Бугун Фармацевтика таълим ва тадқиқот институтида China Pharmaceutical University вакиллари билан ZOOM платформаси орқали онлайн учрашув бўлиб ўтди. Хитой Фармацевтика университети (ХФУ) халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Chen Zhang хоним билан ўтган онлайн мулоқотда ФТТИдан институт ректори Азиз Дўсматов, ўқув ишлари бўйича проректори Шахноза Умарова, профессор Хикматулла Зайнутдинов, Малака ошириш ва қайта тайёрлаш маркази директори Шоҳиста Феҳрузовна ҳамда институт ўқитувчилари қатнашдилар.  

Мулоқот аввалида сўз олган ФТТИ институти ректори А. Дўсматов Хитой томонига аввало ҳамкорлик қилиш таклифи учун миннатдорлик билдириб, институт жамоаси университет билан халқаро миқёсда талабалар алмашиш, малака ошириш, тадқиқотлар олиб бориш, янги дори воситаларини яратиш борасида ҳамкорлик қилиш истагида эканлигини айтди.  

Сўнгра ФТТИ институти ҳақида батафсил маълумот бериш мақсадида, хитойлик ҳамкорларга махсус видео ролик намойиш этилди. Ўз навбатида, Хитойлик вакиллар ҳам ХФУ фаолияти ва имкониятлари ҳақида атрофлича маълумот беришди. 

Хитой халқ Республикасининг China Pharmaceutical University ҳақида қисқача маьлумот:

Хитой давлат фармацевтика университети (China Pharmaceutical University) Хитойнинг собиқ пойтахти Нанкин шаҳрида жойлашган. Нанкин - мамлакатнинг шарқий қисмида жойлашган бўлиб, бир вақтнинг ўзида у ҳам қадимий, ҳам замонавий шаҳар ҳисобланади. Нанкин шанхай ва Пекин шаҳарларининг ўртасида жойлашган. Гўзал табиатга ва тўрт фаслга эга.

1936 йилда ташкил этилган ушбу олий ўқув юрти мамлакатнинг ҳамда дунёнинг юқори рейтингга эга нуфузли олий ўқув юртлари рўйхатидан ўрин олган ва “QS world university rankings” бўйича дунёнинг 1000 талик рўйиҳатига киритилган.

2017 йилдан бугунги кунга қадар Фармакология ва токсикология, Фармацевтик кимё, Клиник тиббиёт йўналишлари бўйича Хитой Республикасидаги бошқа олий ўқув юртлари ўртасида 1-ўринни эгаллаб келмоқда. Университет ушбу йўналишлар бўйича дунё миқёсида 22-34 гача бўлган ўринларни эгаллаган. Халқаро ҳамқорликда университетнинг  икки йўналиши: “Фармация” ва “Клиник фармация” энг кўп талабга эга йўналишлари ҳисобланади. Олий ўқув юртида фармациянинг турли жабҳаларини қамраб олувчи  йўналишлар билан бир қаторда “Хитой халқ табобати” мутахассислиги бўйича ҳам таълим берилади. ХФУ давлат олий ўқув юрти бўлиб, АҚШ, Европа ва 60 дан ортиқ давлатларнинг олий ўқув юртлари билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Университетнинг интилувчан ва фаол талабалари давлат томонидан таъсис этилган  “Президент стипендияси”, “Буюк ипак йўли” стипендияси, “Нанкин шаҳар стипендияси” каби талабаларни рағбатлантирувчи қатор стипендияларга эга бўлишлари мумкин. 

Мулоқот давомида (ХФУ) халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Chen Zhang хоним университетда бакалавриатура, магистратура, доктор ҳамда 1ойдан 6 ойгача бўлган қўшимча малака ошириш бўйича таълим олишнинг 40 га яқин таълим дастури бўйича ҳамкорлик алоқалари таклиф этилди.

Қизғин ўтган учрашувда томонлар ўзаро ҳамкорликни амалга ошириш йўналишлари,  фаолиятининг асосий қирралари, тенг манфаатли лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш, истиқболда ўзаро имкониятларни уйғунлаштирган ҳолда юқори натижаларга эришиш борасида атрофлича фикр алмашишди. ФТТИ раҳбарияти дастлаб институтда 1-6 ойлик малака ошириш дастурлари бўйича ҳамкорликни бошлашини, келгусида эса бакалавр ва магистратура таълим йўналишларида алоқаларни давом эттиришини билдирди. Томонлар бакалаврни 2 йил Ўзбекистонда, 2 йил Хитойда таҳсил олиш системасини йўлга қўйиш борасида музокаралар олиб боришди. Эришилган келишувлар икки томон учун ҳам бирдек аҳамиятли ва манфаатлилиги бир овоздан эътироф этилди.

Суҳбат якунида Хитой Фармацевтика университети ва Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти ўртасида яқин вақт ичида ҳамкорлик меморандумини имзолашга келишиб олдилар. 

 

ФТТИ  ахборот хизмати