Маънавиятли ёшлар ватан таянчи

Яқинда Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти ва Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институти ўртасида ёшлар маънавиятини юксалтиришга қаратилган ҳамкорлик йўлга қўйилди. 4 март куни  ЎЗДСМИнинг ўқув театрида   4-“Драматик театр ва кино актёрлиги” бўлими талабаларининг диплом спетакли бўлган “Ревизор” спектакли намойиш этилди. Мазкур спектакль ФТТИ жамоаси ва талабалари учун махсус ижро этиб берилди. 

Ҳар бир жамиятнинг, унда яшайдиган инсонларнинг тақдири ва келажаги албатта давлатларнинг етакчи кучлари ҳисобланмиш ёшлар тарбияси билан чамбарчас боғлиқдир. – “Ёш авлодни пухта билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат руҳида камол топиши учун ўқув масканлари, Олий ўқув юртлари ўқитувчилари ҳам масъулдирлар, - дейди ФТТИнинг  тиллар кафедраси ўқитувчиси Муҳаббат Каримова. – “Мақсадимиз талабаларни ФТТИда тўрт йил бакалавр, 2 йил магистратурага ўқитиш даврида фақат фармацевт тайёрлаш билан чекланоқчи эмасмиз, биз маънан етук, дидли, маданиятли фармацевт кадрларни тайёрлашни ўз олдимизга мақсад қилиб олганмиз. Бугунги маданий тадбир ҳам ана шу эзгу мақсад йўлида ташкил қилинган. Институт раҳбарияти бизга бир нечта саҳна асарларни қўйиб беришни таклиф қилдилар. Институт раҳбарияти билан келишилган ҳолда талабалар учун ҳам фойдали, ҳам қизиқарли, қолаверса бугунги кунимизда ҳам порахўрлик мавзуси долзарб бўлган “Ревизор” спектакли танланди. Умид қиламанки, ушбу спектакл талабаларимизга манзур бўлади ”.  

Қувноқ, кулгили шу билан бирга мазмунли саҳналарга бой бўлган ушбу сатирик комедия томошабинларда асарга, унинг муаллифи Николай Гоголь ижодига ҳам катта қизиқиш уйғотди.

“Ревизор” спектаклини олдин кўрмагандим. Бугун илк бор уни томоша қилдим. Курсдошларим билан мириқиб кулиб кўрдик , -дейди, 102 а гуруҳ Фармация йўналиши талабаси Зиёда Баҳодирова. – “Ревизор” комедияси бугунги кунимизда ҳам дозарб мавзу бўлиб, унда жамиятни орқага тортишига сабаб бўлаётган  порахўрлик иллати қаттиқ қораланади”.

Қисқача “Ревизор” спектакль ҳақида: Николай Васильевич Гогольнинг "Ревизор”и  буюк илҳом ва даҳо истеъдоднинг тамғаси босилган ўлмас - ҳамиша янги ва замонавий асардир. Қарийиб икки аср аввал ёзилган бу комедия ахборот секин тарқайдиган ўша даврда ҳам дунё театрларини тезкорлик билан забт этди. Адабиёт ва театр оламини ларзага келтирди. Комедия Питербург ва Москвада саҳналаштирилгач,   Лондон ва Парижда,  Будапешт ва Бухарестда, ҳатто Африкада – Сенегал пойтахти Даккада ҳам саҳна юзини кўрди. Ўшандан буён ушбу санъат асарига дунё театрлари қайта-қайта мурожат этишади. Чунки, "Ревизор” антик комедиянависларидан  Мольергача давом этган комедия анъаналарига қарама-қарши бўлиб, у  фақат кулдириш эмас, балки чуқур ижтимоий моҳиятга эга бўлган ва ҳамма замонлар қайта яратиб турадиган ҳаётий сюжет асосида ёзилган. Гоголнинг ўзи айтгандай, бу асар "бир киши ҳақида эмас, балки тўғри йўлдан адашган бутун бир жамият ҳақидадир”.  Белинский эса "Ревизор”нинг ғоясини "виждонга хилоф иш кўрган одамлар қўрқишининг талвасасидир” деб таърифлайди.

Спектакль якунлангач, ЎЗДСМИ вакиллари  8 март – хотин қизлар куни билан Фармацевтика таълим ва тадқиқот институтда фаолият юритаётган барча аёлларни, унда таҳсил олаётган талаба қизларни табриклаб, эзгу тилаклар билдиришди. Кечага бадиий сўз устасининг чиқиши, гўзал куй-қўшиқлар янада файз бағишлади.

 

ФТТИ ахборот хизмати