1 март – Баҳорнинг илк куни. Таниқли ўзбек шоираси Зулфия дунёга келган кун.
Салқин саҳарларда, бодом гулида,
Бинафша лабида, ерларда баҳор.
Қушларнинг парвози, елларнинг нози,
Бахмал водийларда, қирларда баҳор.
Ушбу гўзал мисралар муаллифи Ўзбекистон ҳалқ шоираси Зулфияхоним. Бугун забардаст шоира, журналист, таржимон, жамоат арбоби саналган Зулфия Исроилованинг таваллуд куни. Зулфия – ўзбек аёлининг садоқати тимсолига айланган. 1935 йилда шоир Ҳамид Олимжон билан оила қурган шоира орадан 9 йил ўтиб турмуш ўртоғининг фожиали ўлимидан кейин икки нафар фарзанди билан ёлғиз қолган. Аммо, тушкунлик уни ижоддан тўхтата олмаган. Забардаст ижодкор ўрта осиёлик энг машҳур шоиралардан бири ҳисобланади.
Ушбу сана муносабати билан Фармацевтика таълим ва тадқиқот институтининг хорижий тиллар кафедраси мудири, доцент Саодат Мелиқўзиевнанинг ташаббуси билан бир гуруҳ талабалар пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонидаги Зулфия ҳайкали пойига гуллар қўйиб, Зулфияхонимнинг ёрқин хотирасини ёдга олишди. Айтиш жоизки, мазкур маданий тадбирни чин маънода мушоирага айланди дейиш мумкин. Ўқув масканининг 1-босқич 101 (а) 101( б) гуруҳи талабалари Моҳинахон Маҳмудова, Маржона Абдуллаева, Фарангиз Абдуганиева, Зулфия, Абдуғаффарова, Нилуфар Адҳамжонова, Моҳинур Сатторовалар шоиранинг “Мен ўтган умрга”, “Ҳулкарга” ҳамда Зулфиянин турмуш ўртоғи, бахт ва шодик куйчиси, шоир Ҳамид Олимжоннинг “Ўрик гуллаганда” шеърларини ўқиб беришди. Бир сўз билан айтганда, эрта тонгдан Адиблар хиёбонидаги мушоира йиғилганларга кўтаринки кайфият бағишлади.
Шоира Зулфия ҳақида қисқача маълумот:
Зулфия Исроилова (1 март 1915 йил — 1 август 1996 йил) — Зулфия номи билан танилган ўзбекистонлик шоира, журналист, таржимон, жамоат арбоби ҳамда Ўзбекистон халқ шоири (1965) ва Меҳнат Қаҳрамони (1984).
Шоир Ҳамид Олимжоннинг рафиқаси. Хотин-қизлар педагогика билим юртини тугатгач (1931—1934), Ўзбекистон Фанлар қўмитаси қошидаги Тил ва адабиёт институти аспирантурасига ўқишга кирган (1935). Сўнг Ёшлар ва ўсмирлар адабиёти нашриётида муҳаррир (1938—1940), Ўзбекистон давлат нашриётида бўлим мудири (1941—1950), „Ўзбекистон хотин-қизлари“ (қаранг „Саодат“ журнали) журналида бўлим мудири (1950—53), бош муҳаррир (1954—1985) бўлиб ишлаган.
Унинг илк шеъри 1931-йилда „Ишчи“ газетасида босилган. Дастлаб 1932 йил „Ҳаёт варақалари“ шеърлар тўплами нашр этилган. Шундан кейин унинг „Темирой“ (1934), „Шеърлар“, „Қизлар қўшиғи“ (1939) шеърий китоблари эълон қилинган. Зулфий шеърий ижодининг порлаши „Уни Фарҳод дер эдилар“ (1943), „Ҳижрон кунларида“ (1944) ва „Ҳулкар“ (1947) тўпламлари билан боғлиқ. Айниқса, Ҳамид Олимжоннинг бевақт вафотидан кейин (1944) ёзилган, руҳий силсилалар ва қалб изтироблари билан тўла шеърлар Зулфия ижодида жиддий ўзгаришлар содир бўлганидан дарак беради. У шахсий фожиаси тасвири орқали Иккинчи жаҳон урушидан катта талафот ва йўқотишлар билан чиққан халқнинг дард ва аламларини ифодалади.
Зулфия ҳаётининг муҳим бир қисмини Ҳамид Олимжоннинг адабий меросини ўрганиш ва нашр этиш ишига бағишлади. Ана шу жараённинг узвий қисми сифатида у шоирнинг „Семурғ ёки Паризод ва Бунёд“ достони асосида қўғирчоқ театри учун „Семурғ“ песаси (С. Сомова билан ҳамкорликда) ҳамда „Зайнаб ва Омон“ операси либреттосини ёзди.
Александр Пушкин, М. Й. Лермонтов. Н.А. Некрасов, М. Воқиф, Л. Украинка, М. Дилбозий, С. Капутикян, Э. Огнетсвет, Мустай Карим, Амрита Притам, Й. Багряна ва бошқаларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган. Унинг асарлари кўплаб чет тилларда, шунингдек, қардош туркий халқлар тилларида нашр этилган. Зулфия халқаро „Жаваҳарлал Неру“ (1968), „Нилуфар“ (1971) мукофотлари ҳамда Ҳамза номидаги Ўзбекистон давлат мукофоти (1970) лауреати. Шунингдек, у Болгариянинг „Кирилл ва Мефодий“ (1972) орденига сазовор бўлган.
Ўзбекистон ҳукумати атоқли шоиранинг маданиятимиз тараққиётидаги катта хизматларини эътиборга олиб, Зулфия номидаги Давлат мукофотини таъсис этди. Тошкентдаги кўчалардан бирига унинг номи берилган.
МЕН ЎТГАН УМРГА
Ҳаёт китобимни бехос варақлаб,
Мен ўтган умрга ачинмай қўйдим.
Табассум ўрнида кулдим чарақлаб.
Суйиш керак бўлса — телбача суйдим.
Кийганим ипакми, читми ё кимхоб,
Юрак бойлигидан қилмабман парво.
Мени оғушлаган ҳаёт нақ офтоб,
Янги қўшиқ талаб унда ҳар сабоқ.
Мен ўтган умрга ачинмай қўйдим,
Ҳеч кимда кўрмайин умримга ўхшаш:
Суйдим,
Эркаландим,
Айрилдим,
Куйдим,
Иззат нима — билдим.
Шу-да бир яшаш!..
СОҒИНИБ
Шу кунларда баҳорга зорман,
Навжувонлик ўти танда йўқ.
Куз сингари заъфар рухсорман,
Мевалар ҳам шохлардан узуқ.
Шу кунларда баҳорга зорман,
Танхасталик эзади руҳим.
Танҳо эмас, қаторда борман,
Яна нени излайди суқим?
Шу кунларда баҳорга зорман,
Шаффоф, ёрқин куй тилар кўнгул.
Яхшиямки, қаламга ёрман,
Сўзлаб турар бор дилимни ул.
Шу кунларда баҳорга зорман,
Ўз баҳорим каби бемисол.
Баҳор қайтмас, ёнувчи қорман,
Ё нўноқ қўл бутаган ниҳол.
Шу кунларда баҳорга зорман…