9 МАЙ “ХОТИРА ВА ҚАДРЛАШ КУНИ”

Инсонга ҳар куни тинчлик-осойишталик ва хотиржамлик керак. Тинчлигини йўқотган хонадон ҳам, мамлакат ҳам асло хотиржам бўла олмайди. Тинчлик-хотиржамлик – тараққиёт гаровидир.

Биз азал-азалдан тинчликсевар халқмиз. Айнан шу ғоя тарғибига бағишланган буюк миллий маънавий меросимиз бор. Уларнинг барида тинчликнинг қадрига етиш тарғиб этилади, уруш эса батамом қораланади.

9 май - “Хотира ва Қадрлаш куни” ни умумхалқ байрами сифатида нишонлаб келаётганимиз замирида ҳам айнан ана шу эзгу мақсад ётибди.

Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти талабаларига ҳам ана шу ғояларни сингдириш, тинчликнинг қадри баланд эканлигини яна бир бор намоён этиш мақсадида жорий  йилнинг 3 ва 5 май кунлари институт тьютори Абдураимова Арофат инновацион технологиялар асосида бунёд этилган “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси ва “Шон-шараф” давлат музейига 1 босқич 22Ф-1, 22Ф-2, 22Ф-3, 22Ф-5, 22Ф-6, 22Ф-7, 22Ф-11, 22СФ-2 гуруҳ талабалари билан экскурсия ташкил этди. Боғда уруш даври манзаралари, жумладан, окоп ва блиндажлар, палаткалар, дала ошхоналари ва бошқа лавҳалар акс этган композицион мажмуалар билан яқиндан танишдилар.

“Шон-шараф” музейи остонасидан бошланувчи “Ўзбекистон уруш бошланиши арафасида” деб номланган бўлимда 1938-1940-йиллар, урушдан олдинги Ўзбекистонда давом этган ҳаёт тарзи тасвирланган суратлар, қайдномалар катта таассурот қолдирди.

Музейнинг юқори қисмида Иккинчи жаҳон урушида қатнашган 301 нафар қаҳрамонимиз шарафига экилган дарахтлар, шунингдек, “Мангу жасорат” деб номланган мажмуада афсонавий ўзбек генерали Собир Раҳимов ва барча ўзбекистонлик ботир жангчиларнинг сўнмас хотираси ифодаланган.

“Кўз ёши” мажмуаси урушнинг мудҳишлиги, миллати ва динидан қатъи назар, барча одамлар бирлиги рамзини ифодалайди.

Ҳар бир талабамизнинг “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасидаги экспонатларни кўриб қалби ҳаяжонга тўлди. Бу мажмуа бизга бугунги тинчлик-осойишталик, фаровон ҳаёт қанчалик бебаҳо неъмат эканлигини, уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш муқаддас бурч эканлигини англатади.

Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти
матбуот хизмати