ЎЗАРО ҲАМКОРЛИК ТЎҒРИСИДА МЕМОРАНДУМ ИМЗОЛАНДИ

Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти ташаббуси билан ўтказилган “Замонавий фармацевтика соҳасини ривожланишининг долзарб масалалари ва тенденциялари” мавзусидаги халқаро иштирокдаги I Республика илмий-амалий конференцияси доирасида бир қатор ҳамкорлар билан меморандум имзоланди.

Илк меморандум, ҳамкоримиз Жанубий Қозоғистон тиббиёт академияси билан имзоланди. Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти ректори Азиз Файзаматович Дўсматов Тиббиёт академияси вакили  профессор   Малик Мырзаханович Сапакбай билан келгусида кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳамда илмий-тадқиқот фаолиятини олиб бориш юзасидан икки томонлама ҳамкорлик муносабатлари тўғрисида келишиб олдилар.

Навбатдаги ҳамкоримиз “Asklepiy Group” фармацевтика компанияси. Ушбу компания билан ҳамкорлик талабаларнинг назарий билимларини амалиётда синаб кўришларига имкон туғдиради. Тадбирда Компания бош директори Мадалиева Наргиза Абдуманнопова сўз олиб: “Таълим жараёнини сифатли, замон талаблари асосида  йўлга қўйган Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти билан ҳамкорлик биз учун муҳим. Зеро, ҳар биримиз фармацевтика соҳаси ривожи учун фаолият олиб борамиз. Малакали, етук мутахассислар ишимиз бардавом бўлишида энг муҳим омил,”-дея таъкидлади.

Шундан сўнг,  Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти ректори Азиз Файзаматович Дўсматов юртимизда ўзининг шифобахш дамламалари билан танилиб улгурган “Замона Раъно” Маъсулияти чекланган жамияти  директори Саида Музаффаровна Рустамова билан ҳамкорлик шартномасини имзолади. Бугунги кунда фитотерапия усуллари билан даволаш оммалашиб бормоқда. Кўплаб дори воситалари айнан табиий гиёҳлар асосида тайёрланмоқда. Талабаларнинг мана шу йўналишда билимларини янада ошириш, амалиётни бевосита доривор гиёҳлар плантацияларида олиб бориш учун ушбу ҳамкорлик  жуда муҳим.

Тадбир доирасида яна бир муҳим ҳамкорлик ришталари боғланди.

Микробилогия соҳаси фармацевтика билан узвий боғлиқ. Айнан шу сабаб Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Микробилогия институти билан ҳамкорлик давр талаби. Ушбу институт вакили биология фанлари номзоди Олимова Барно Хасанова сўзга чиқиб: “Ҳар икки институтнинг илмий-тадқиқотлар йўналишидаги ҳамкорлиги келгусида ижобий самаралар беришига ишонамиз. Тадқиқотларни ҳаётга тадбиқ қилишда ушбу меморандум пойдевор бўлса ажаб эмас,”-дея фикр билдирди.  

Имзоланган келишувлар ўзаро тажриба алмашиш, малакали кадрлар тайёрлаш, ҳамкорликда илмий-тадқиқотларни амалга оширишга кенг йўл очиши учун замин бўлади.

Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти
матбуот хизмати