Навоийни ёд айлаб...
Шу кунларда мамлакатимизда буюк шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоий таваллудининг 581 йиллигига бағишланган маърифий тадбирлар, адабий кечалар, илмий анжуманлар ва мушоиралар ўтказилмоқда. Бугун Фармацевтика таълим ва тадқиқот институтида ҳам буюк аждодимиз таваллуд топган кун муносабати билан “Алишер Навоий ёд айлаб” деб номланган адабий-бадиий тадбир ташкил этилди. Шу муносабат билан кечага институт ўқитувчилари ва талаба-ёшлар йиғилди.
Мир Алишер Навоий ҳазратларидан нафақат бетакрор ва бебаҳо ижод дурдоналари, балки Ватанни севиш ва ардоқлаш, юксак инсонпарварлик фазилатлари ҳам мерос бўлиб қолган. Тадбирда институтнинг 112А гуруҳи талабалари ҳазрат Навоий ижодидан намуналар ҳамда буюк даҳога бағишлаб битилган шеьрлардан парчалар ўқишди. Талабалар томонидан тайёрланган Алишер Навоийнинг мавлоно Лутфий билан учрашуви саҳна кўриниши ҳам йиғилганларда катта таассурот қолдирди. Ушбу ҳаётий парча орқали тадбир қатнашчилари Навоийнинг илк ёзган байтини яна бир бор ёдга олдилар. Қуйида мавлоно Лутфийни мафтун қилган сатрлардан баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Оразин ёпқоч, кўзумдан сочилур ҳар лаҳза ёш,
Бўйлаким, пайдо бўлур юлдуз, ниҳон бўлғач қуёш.
Шунингдек, тадбирда талабалар томонидан тайёрланган Алишер Навоий ҳақидаги тақдимот ҳам буюк даҳонинг болалик ва ўсмирлик дамлари, қизиқишлари ҳамда босиб ўтган ҳаёт йўли ҳақида қисқача маълумот берди.
“Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти яқинда очилган олий таълим муассасаси бўлишига қарамай, ўз анъаналарига эга. Шундай анъаналардан бири буюк сиймоларимиз, мутафаккирларимизни ёд айлаш ва улар таваллуди муносабати билан маънавий-маърифий тадбирлар ўтказишдир”, - дейди Тиллар кафедраси мудири доцент Саодат Тўйчиева: - “Президентимиз Ш.М.Мирзиёев рақобатбардош кадрларни тайёрлаш масаласига алоҳида эътиборни қаратганлар. Бу ўринда рақобатбардошлик фақат профессионализм билан чекланиб қолмай, маънавий етуклик ҳам назарда тутилган. Институтимизда ёшлар маъанавиятини оширишга қаратилган тадбирлар тез-тез ташкил этилади. Бугунги Навоий бобомизга бағишлаб уюштирилган маънавий-маърифий тадбир шулар жумласидандир. Шеърият ва адабиёт инсонни эзгуликка етаклайди. Агар биз ташкил этаётган тадбирлар ёшларимиз дунёқарашини кенгайтириш, маънавиятини шакллантиришга хизмат қилса, демак биз ўз мақсадимизга эришган бўламиз”.
Билмак Навоийни-бу зўр маърифат нишони,
Билмак Навоийни- бу юксак элтар они.
Билмак Навоийни – бу ўз нафи йўқ зиёни,
Билмак Навоийни – бу ойнаи жаҳони.
Маҳмуда Солиҳова 1-курс талабаси:
Алломаларимизни ўрганишдан мақсад дунёқарашимизни кенгайтириш деб ўйлайман. Бу билимларимиз келажакда фарзандларимизни маънавий комил инсон қилиб тарбиялашда ҳам бизга ёрдам беради. Навоий асарларидан соф муҳаббат, меҳр-оқибат, садоқат каби чин инсоний туйғуларнинг гўзал намуналарини ўқиб ўрганишимиз мумкин. Ҳозирги глобаллашув даврида Алишер Навоийнинг инсоний баркамоллик, одоб-ахлоқ, беғубор ва покиза туйғулар улуғланган асарлари ҳар қачонгидан ҳам долзарб деб ўйлайман. Улуғ шоирнинг ижод намуналари жаҳон халқларининг кўплаб тилларига таржима қилиниб, дунё олимлари томонидан катта қизиқиш билан ўрганилмоқда. Биз бундан фахрланамиз.
Миржалол Қурбонов 1-курс талабаси:
Улуғ шоир ўзининг шеърий ва насрий асарларида юксак умуминсоний ва ватанпарварлик ғоялари, она тилимизнинг беқиёс сўз бойлиги ва чексиз ифода имкониятларини бутун жозибаси ва латофати билан намоён этиб, ер юзидаги миллионлаб китобхонлар қалбидан муносиб ва мустаҳкам ўрин эгаллаган. Навоий бобомизнинг адабий меросини ўрганиш биз ёшлар учун ҳам шараф, ҳам бурч, деб биламан.
Шу кунларда республикамизнинг барча таълим муассасаларида Навоийхонлик кечалари ўтказилмоқда. Ўз миллатини, она тилини ҳурмат қилган ҳар бир миллат буюк сиймолари ва мутафаккирларини унутмайди.