Омонат баҳорнинг ҳар бир куни — тўй!

Баҳор келиши билан табиат узоқ қиш уйқусидан уйғониб жонланади, набототлар ниш уриб чиқади, Юртимиз ва халқимизнинг қут-баракаси, тўкинлиги ва фаровонлиги манбаи бўлган зироат, деҳқончилик ишлари бошланиб кетади.

Табиат гўзаллиги кишилар қалбида завқ-шавқ уйғотиб, хурсандчиликлар қилишга, сайллар уюштиришга ундайди.

Ана шу гўзал анъана Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти талабаларини ҳам четлаб ўтмади.

26 апрель куни институтда бўлиб ўтаётган илмий анжуман Баҳор сайлига уланиб кетди. Ҳовли сатҳи безатилиб, ўзбекона урф-одатларимизга кўра дастурхон тузалди.

Олийгоҳнинг биринчи босқичида таълим олаётган 14 та гуруҳ талабалари юртимизнинг 12 вилояти, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳри урф-одатлари, анаъаналарини намойиш этишди. Ҳар бир гуруҳ ўзига бириктирилган вилоятга хос таомлар тайёрлаб, дастурхон безадилар.

Талабалар томонидан тайёрланган байрам дастурхони тайёр бўлгач, ҳакамлар ҳайъати аъзолари ҳар бир иштирокчилар столи ёнига бориб, улар намойиш қилаётган вилоят, воҳанинг ўзига хос урф-одатлари, миллий либоси, таомлари ҳақида турли саволлар бериб, қатнашчиларнинг билими, мавзуни қанчалик ўрганганини синовдан ўтказишди.

Тадбирга таклиф этилган Олий таълим, фан ва инновация вазири ўринбосари Сарвархон Бузрукхонов, конференция иштирокчилари бир гуруҳ ҳорижлик меҳмонлар ҳам ёш фармацевтларнинг ижодий изланишларини юқори баҳолашди. Ҳар бир вилоятгагина хос таомлардан татиб кўриб, ҳайратларини яшира олмадилар.

Тадбирнинг бадиий қисми ҳам бошланиб кетди. Талабалар томонидан тайёрланган рақс, саҳна кўринишларини йиғилганлар мароқ билан томоша қилишди.

Андижон полкаси, бухоро мавриги, хоразм лазгисига талабалар чиройли ҳиром айлашган бўлса, келин салом айтишувларини ҳам қизларимиз маромига етказишди. “Шум бола”, “Ўтган кунлар” асарларидан қўйилган кичик саҳна кўринишлари орқали талабаларимиз актёрлик иқтидорларини ҳам намоён қилдилар.

Жиззахлик бахши-ю Қорақалпоқ дўмбиралари байрамга ўзгача кайфият бағишлади. Хуллас, баҳор сайлини ҳали узоқ вақт эслаб юрадиган бўлдик. Аммо, барча бошланган воқейликнинг якуни ҳам бўлгани каби, Баҳор сайли ҳам якунланди.

Тадбир сўнгида ҳакамлар ҳайъати ғолибларни аниқлашди. 1-ўринни фармация йўналишининг 8-гуруҳ талабалари қўлга киритди. Улар Жиззах вилояти урф-одат, анъаналарини намойиш қилишди.

2- ўрин Қашқадарё вилояти анъаналарини бекаму кўст кўрсата олган фармация йўналишининг 2-гуруҳ талабаларига насиб этди.

3-ўринга эса Қорақалпоқ халқининг ўзига хос миллий либослари-ю дўмбираларини йиғилганларга намойиш этган фармация йўналишининг 5-гуруҳ талабалари лойиқ деб топилди.

Шунингдек, мана шундай гўзал тадбирда бор имкониятларини намойиш этган, меҳмонларга кўтаринки кайфият улаша олган барча гуруҳ талабалари ҳам эътирофга сазовор. “Энг яхши безатилган миллий таом”, “Миллийликни ўзида акс этган дастурхон”, “Миллийликни ўзида акс этган саҳна кўриниши”, “Вилоятнинг энг чиройли тақдимоти”, “Энг чиройли келин салом тақдимоти”, “Энг чиройли куйланган миллий қўшиқ тақдимоти”, “Энг чиройли миллий рақс тақдимоти”, “Энг чиройли миллий урф-одатлар тақдимоти”, “Энг жозибали миллий либос”, “Энг мазали миллий таом тақдимоти” номинацияларида ғолиблар аниқланди.

Ўзбекнинг ҳеч бир тантанаси машҳур ўзбек паловисиз ўтмайди. Биз ҳам бу анаъанага содиқ қолдик. Институтимизнинг моҳир ошпазлари томонидан тайёрланган паловхонтўра ҳам барчага бирдек манзур бўлди.

Энг муҳими “Баҳор сайли” кўтаринки кайфият ва ҳамжиҳатликда ўтказилди. Бундай тадбирлар талабалар иқтидорини намойиш этишда, улар ўртасида дўстлик ришталарини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлади.

 

Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти
матбуот хизмати