“Замонавий фармацевтика соҳасини ривожланишининг долзарб масалалари ва тенденциялари” мавзусидаги халқаро иштирокдаги I Республика илмий- амалий конференция
“Замонавий фармацевтика соҳасини ривожланишининг долзарб масалалари ва тенденциялари” мавзусидаги халқаро иштирокдаги I Республика илмий- амалий конференция бугун, жорий йилнинг 26 апрель санасида ўз ишини якунлади.
Анжуманда юртимиз олимлари билан бир қаторда Жанубий Корея, Россия Федерацияси, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Украина Республикаларидан меҳмонлар ташриф буюрди. 100 га яқин маърузалар шўъбаларда муҳокама қилинди. Конференция фармация соҳасида ечимини кутаётган қуйидаги устувор йўналишлар бўйича фаолият олиб борди:
- фармацевтик таълим ислоҳотлари: тажриба, муаммо ва истиқболлари;
- биологик фаол бирикмалар синтези. Дори воситаларни стандартлаштириш ва сертификатлаштириш;
- доривор ўсимликлар: фармакогностик ва фитокимёвий тадқиқотлар. Фитопрепаратлар;
- дори воситаларининг фармацевтик технологияси ва саноат миқёсида ишлаб чиқарилиши;
- фармакология, клиник фармакология ва фармакотерапиянинг замонавий муаммолари;
- фармацевтика соҳасини тартибга солишнинг ташкилий, иқтисодий, маркетинг, фармакоиқтисодий, ҳуқуқий ва ахборот жиҳатлари.
Қизғин баҳс ва мунозаралар билан ўтган илмий жараён иштирокчилари бугун анжуманнинг якуний маросимига тўпланди.
Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти ректори Дўстматов Азиз Файзаматович барча йиғилганларни, илмий мулоқот, билим ва тажриба алмашиш, шунингдек соҳанинг сўнгги илмий ютуқларини намойиш этиш имкониятини берувчи ўзига хос илм майдонини яратиш мақсадида ташкил этилган илк конференция муваффақиятли ўтгани билан табриклади.
Шундан сўнг, шўъба модераторлари ҳар бир йўналиш бўйича ҳисоботларни тақдим этишди. Энг долзарб маърузалар эътироф этилди. Тадқиқотчилар ва ёш олимлар томонидан кўтарилган мавзулар долзарб мавзуларни ҳал этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
“Тадқиқотларда замонавий хроматографик, рентгент-структур таҳлил усулларини қўлланганлиги, олинган натижаларнинг ишончлилигини кўрсатади,”- дея алоҳида тўхталиб ўтди “Биологик фаол бирикмалар синтези. Дори воситаларни стандартлаштириш ва сертификатлаштириш” йўналишидаги маърузаларни жамлаган шўъба модератори А.Шарипов.
Иккинчи шўъба, “Дори воситаларининг фармацевтик технологияси ва саноат миқёсида ишлаб чиқарилиши", модератори З.Абдужалилова ўз ҳисоботида ёш олимларнинг иштирокини алоҳида эътироф этди. Илмий жараёнда етук мутахассисилар билан бир қаторда Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти магистр ва ҳатто бакалавр босқичи талабалари ҳам ўз маърузалари билан иштирок этиб, олимлар эътиборини тортишди.
Сўзга чиққанлар конференция юқори даражада ташкил этилганини қайд қилиш билан бир қаторда, унинг давомийлигини таъминлаш ва нуфузини янада ошириш борасида таклиф ва тавсияларни айтиб ўтишди.
Ўзбекона урф-одатимизга кўра анжуманга ташриф буюрган хорижлик меҳмонларга эсдалик совғалари улашилди. Ёғоч ўймакорлигининг гўзал услублари билан безатилган нақшинкор лаганлар меҳмонларимизга манзур бўлди.
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, конференция тадқиқотчилар, мустақил изланувчилар ва уларнинг илмий раҳбарлари, республика олий таълим муассасалари ва уларнинг хорижий ҳамкор университетлари ҳамда фармацевтик ташкилотлар ва ишлаб чиқариш корхоналари вакиллари ўртасида илмий мулоқот, билим ва тажриба алмашиш, шунингдек соҳанинг сўнгги илмий ютуқларини намойиш этиш имкониятини берувчи ўзига хос платформа бўла олди.
Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти
матбуот хизмати