Хорижий тилларни ўрганиш давр талаби
Бугунги давр – юксак технологиялар даври. Ҳар ким ўзи учун керакли маълумотларни Интернет орқали излайди. Айниқса, илм йўлини танлаганлар, ўқиб-ўрганиб ўз касбининг устаси бўлишни мақсад қилганлар учун бу жуда муҳим. Маълумотларга қараганда, дунёда 36 мамлакат аҳолиси инглиз тилида мулоқот қилар экан. Кўплаб илмий изланиш ва тадқиқотларнинг аксарияти худди шу тилда олиб борилади. Демак, инглиз тилини билиш кўпроқ маълумот олиш ва етук мутахассис бўлишга имкон беради. Ана шу ҳаётий хулосадан келиб чиққан ҳолда бугун биз Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти (ФТТИ)нинг инглиз тили ўқитувчиси Шерзод Юлдашев билан бўлажак фармацевтлар учун хорижий тилни ўрганиш нечоғли муҳим экани ҳақида суҳбатлашдик.
- Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти таълим дастурида инглиз тили модули учун ҳафтасига неча соат ажратилган?
Шерзод Юлдашев: Дастур бўйича хорижий тил модули ҳафтасига бир пара ўтилади, яъни, ҳар бир гуруҳ билан ҳафтасига бир марта учрашамиз. Гуруҳлар иккига бўлинган, уларнинг ҳар бирига алоҳида ўқитувчи тайинланади. Биринчи семестрда 15 та, иккинчи семестрда 15, умумий 30 та машғулот ўтилади.
- Шу институтини тамомлаган талаба инглиз тилини қай даражада билиши керак?
- Стандарт бўйича абитуриент ўқишга кираётганда B1, институтни тамомлаган талаба эса B1+ даражасига эга бўлиши зарур.
- B1 даражаси ҳақида қисқача маълумот берсангиз.
- Инглиз тилида 6 та даража мавжуд бўлиб, шкала бўйича B1 учинчи даражада туради, яъни, у ўрта даража ҳисобланади. Бундан келиб чиқадики, ушбу даражада билимга эга бўлганлар шу тилда мулоқот қилинганда тушуна олиши, ўзи ҳақида қисқача маълумот бера олиши, қисқа диалог туза билиши керак.
- Бу тилни B1+ даражада эгаллаш учун ҳафтасига бир марта инглиз тили дарси ўтилиши камлик қилмайдими? Институтда хорижий тилни ўргатиш бўйича қўшимча дарслар ташкил қилиш керак эмасмикан?
- Албатта, керак. Яқинда институт раҳбарияти билан шу масала бўйича таклифларни кўриб чиқиб, режа туздик. Келаси ўқув йилидан бошлаб, қўшимча дарслар ташкил этиш ниятимиз бор. Reading, speaking and movie clubлар очиш бўйича лойиҳаларимиз бор.
- Ҳозир 1-курсда ўқиётган талабаларнинг инглиз тили бўйича билим даражасини қандай баҳолайсиз?
- Юқорида айтганимдек, талаб бўйича 1-босқич талабалари B1 даражада билимга эга бўлишлари керак, лекин, афсуски, амалда бундай эмас. Фоиз ҳисобида оладиган бўлсак, ёшларнинг 30-40 фоизигина мазкур талабга жавоб бера олади. Бу жуда паст натижа. Шу боис, 2023 йилдан эътиборан, Президентимизнинг қарорига мувофиқ, магистратура йўналишида ўқишни давом эттирмоқчи бўлган талабалардан B2 даражадаги сертификат талаб этилади. Яъни, бу талаб мутахассислиги филология фани бўлмаганларга тегишлидир. Агар мутахассислик хорижий тил билан боғлиқ бўлса, С1 даражадаги сертификат талаб этилади.
- Институтда инглиз тили дарси қандай дастур асосида ўтилади? Бу борада фармацевт мутахассислиги инобатга олинадими?
- Албатта таълим жараёнида дастурларни тузишда биз мутахассисликни ҳисобга олганмиз. Талабаларга фармацевтикага оид инглиз тилидаги терминлар, иборалар ўргатилади. Шу билан бирга, “Менинг биринчи экспериментим” мавзусидаги машғулотда талабаларимиз лабораторияда фойдаланиладиган ускуналар, мисол учун, пробирка, горелка каби керакли терминларнинг инглиз тилидаги таржимасини ўрганишади. Шу каби атамалар уларга келажакда кўпроқ зарур. Асосий вазифа ҳам шу, аслида: матнлар устида ишлаш, мутахассисликка оид термин ва терминологияларни тушуниш, уларни таржима ва таҳлил қилишдир.
- Мактаб дастури-чи, такрорланадими?
- Талабаларимизнинг аксарияти чекка қишлоқлардаги мактабларда сабоқ олганлиги туфайлими ёки бошқа сабаб туфайли, негадир, мактаб дастурлари тўлиқ ўзлаштирилмаган ёки мавзулар нотўғри тушунтирилган. Шу сабаб, мавзуларни такрорлаймиз. Дарс давомида кимё, кимёнинг турлари, умуман, мутахассисликка оид инглиз тилидаги видеоматериалларни намойиш этамиз.
- Гуруҳдаги талабалардан ҳаммасининг тил билиш даражаси бир хил бўлмаслиги мумкин, ўқитиш жараёнида бу ҳисобга олинадими?
- Тўғри, гуруҳда таълим олаётганларнинг тил билиш даражаси турлича, 25 фоизи High level, 75 фоизи эса элементар Elementary даражасида тилни эгаллашган. Шунинг учун билим даражаси юқори бўлганларга мураккаброқ вазифаларни юклаймиз ва улар мустақил таълим олиб, билимларини намоён этишади. Қолган 75 фоиз талабага эса янги сўзларни ёдлаш, уларга изоҳ бериб, матн тузиш каби вазифаларни берамиз.
- Нима учун, бўлажак фармацевтлар инглиз тилини мукаммал билиши керак, деб ўйлайсиз?
- Хорижий тилини билиш- бу давр талаби. Ҳар бир фармацевт ўзи учун керакли маълумотларни Интернет орқали қидиради. Афсуски, ўзбек тилидаги маълумотлар кам, рус тилидаги маълумотлар эса бойитилмаган бўлиши мумкин. Жаҳоннинг етакчи олимлари инглиз тилида мулоқот қилади. Асосий изланиш ва тадқиқотлар шу тилда олиб борилади. Демак, инглиз тилини билиш кўпроқ маълумотга эга бўлиш ва албатта, кучли фармацевт-провизор бўлиб етишиш имконини беради. Бугунги кунда ОТМ профессор-ўқитувчиларига бугун жаҳонга машҳур журналларда мақолалар чоп эттириш талаби қўйиляпти. Бунинг учун эса мутахассис яна инглиз тилини билиш зарур.
- Бу талаблар илм йўлини танлаган, илмий тадқиқотлар билан шуғулланмоқчи бўлганлар учун керак. Талабалар орасида дорихона очиш ёки дори воситаларини ишлаб чиқариш ниятидагилар ҳам бор. Уларга инглиз тилини билишнинг нима зарурати бор?
- Республикамизда туризмга алоҳида эътибор берилмоқда. Ҳар йили Ўзбекистонни кўриш ва у билан танишишга кўплаб хорижлик меҳмонлар ташриф буюришади. Улар диққатга сазовор жойларни кўриш билан бирга дорихоналарга ҳам қизиқиб ёки оддий бирор бир дори воситасини олиш учун кириб қолиши мумкин. Бунда албатта инглиз тили асқотади. Бундан ташқари дорихонада ишлаган фармацевт ҳам рецепт ўқиши, рецепт ёзишига тўғри келади. Бунда лотин графикаси ва инглиз тилини қўллаш зарурати туғилади. Бундан ташқари, дорихоналарда дастурий таъминот тизими мавжуд. Бу дастурнинг кўп қисми эса инглиз тилида ёзилган. Қолаверса, жаҳон бўйича энг кўп маълумотлар инглиз тилида бўлгани боис, уни билган мутахассиснинг дунёқараши кенг бўлиши, шубҳасиз.
- Инглиз тили институтда қайси адабиёт ва ўқув қўлланмалари асосида ўргатилади?
- Институтимизда ҳар бир модулдан иш дафтари жорий қилинган. Ушбу дастурни ўзимиз ишлаб чиққанмиз. Биз, асосан, Murphy ва фармацевтика йўналиши бўйича Л.Базарова муаллифлигидаги “Инглиз тили” дарслиги, Х.Максудова ва Ф.Ширинова муаллифлигидаги ўқув қўлланмадан ҳамда интернетдан олинган маълумотлар асосида дарс ўтамиз. Ҳар бир талаба ушбу қўлланмалар билан таъминланган. Таъсисчиларимиз йил бошида ҳар бир талабага иш дафтарилари ва электрон ресурслар жамланган планшетларни тақдим этишган. Бу эса ўқув жараёнда жуда қулай.
– Маълумки, ёш ўқитувчилар дарсларни ўзгачароқ, ноанъанавий услубда ўтишга ҳаракат қилишади. Сиз ҳам ёш ўқитувчисиз. Биласизки, дарс ўтиш талабалар билан ўзига хос мулоқот қилиш ҳамдир. Ана шу мулоқот қизиқарли ва мазмунли бўлиши учун нималарга эътибор қаратасиз?
– Иш жараёнида изланишлар олиб бориб, ўз методологиямни шакллантирдим. Бундан ташқари, TESOL (Teaching English to Speakers of Other Languages) малака ошириш курсида ўқиганимда Америка методикасини олиб киришга ҳаракат қилдим. Дарсларда мунтазам тест имтиҳонларини ўтказиб тураман, шу билан бирга, Кластер, Синквейн, Вен диаграммаси каби интерфаол методларга ҳам кўп мурожат қиламан. Унда талабалар ўзаро фикр алмашишади. Шогирдларимга мотивация бериш мақсадида эришган ютуқларим ва олган сертификатларим ҳақида ҳам сўзлаб бераман.
- Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур! Ёш авлод таълим-тарбияси йўлидаги шарафли касбингизда омад ҳамиша ёр бўлсин!
- Раҳмат!
Шаҳноза Қурбонбоева суҳбатлашди