ФТТИнинг замонавий ва шинам талабалар турар жойи фойдаланишга топширилди
Бугун Фармацевтика таълим ва тадқиқот институтида қувончли кун бўлди. Кўпдан бери интиқиб кутилган воқеа - Янги талабалар турар жойи фойдаланишга топширилди. Янги бинонинг очилиш маросимига Олий таълим, фан ва инновация вазири ўринбосари Сарвархон Бузрукхонов ва “Увайсий” маҳалласи фуқаролар йиғини раиси Ниғматулла Юнусов ва ОАВ вакиллари ташриф буюришди.
Тадбирда институт томонидан ФТТИ ректори Азиз Дусматов, Ректор маслаҳатчиси, профессор Аҳмадхўжа Юнусходжаев, ўқув ишлари бўйича проректор Шахноза Умарова, институт Касаба уюшмаси раиси Камолиддин Исмоилов қатнашдилар.
ФТТИ ректори Азиз Дусматов тадбирни очиб берар экан: "Сўзсиз, талабаларнинг турмуш шароитини яхшилаш масаласи – энг муҳим омилларидан биридир, шунинг учун янги бинонинг очилиши – олдимизда турган ўзгаришларни, катта мақсадларни амалга оширишдаги муҳим қадамлардан биридир” деб алоҳида таъкидлади.
Татанали очилиш маросимида сўз олган Олий таълим, фан ва инновация вазири ўринбосари Сарвархон Бузрукхонов барчани табриклар экан, “Соҳа ривожланишига келажакда ўз ҳиссасини қўша оладиган юқори малакали мутахассисларга таълим бериш бизнинг асосий мақсадимиздир. Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти раҳбарияти талабаларга замонавий стандартлар асосида билим олишлари учун барча шароитларни яратиб бермоқда. Умид қиламизки, бу каби яратилган қулайликлар натижасида билимли кадрлар етишиб чиқади", - деб ўзининг эзгу тилакларини билдирди.
Самимий тилаклардан сўнг, рамзий қизил лента кесилди ва меҳмонлар ичкарига таклиф этилди. Меҳмонлар учун бино бўйлаб пресс- тур уюштирилди. Маълумот ўрнида шуни айтиш керакки: бинонинг қурилиш ва таъмирлаш ишлари бир йил давомида амалга оширилди. Бу вақт ичида ФТТИ Талабалар турар жойи замонавий талабларга мос равишда қуриб жиҳозланди ва замонавий ва шинам институт ётоқхонасига айланди.
7 қаватдан иборат ушбу бино бир вақтнинг ўзида 280 нафар талабага хизмат қила олади. Ётоқҳонада люкс хоналар ҳам мавжуд бўлиб, ҳар бир қаватда ошхона, душ ҳамда эркаклар ва аёллар хоналари мавжуд. Ошхонада 3 та газ плитаси, 2 та музлатгич, душ хонасида 2 та кир ювиш машинаси, яшаш хоналари эса керакли мебеллар билан жиҳозланган. Ётоқхонанинг 2-4-қаватларида Маънавият хоналари ташкил қилинган бўлиб, хоналар компьютерлар билан таъминланган. Бинонинг ҳамма нуқтасида Wi-Fiга уланиш ва интернетдан фойдаланиш мумкин.
ТТЖда тартиб интизом ва талабалар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 24 соат давомида бинода хавфсизлик хизмати ва тарбиячи фаолият олиб боради. Бу ерда озодаликка ҳам катта эътибор қаратилади, ҳар куни фаррошлар ётоқхона тозалигини таъминлаб турадилар.
"Талабалар турар жойидаги қулайликлар талабалар фикр-хаёлини бир жойга жамлаб, маиший ҳаёт юмушларига чалғимай билим олишлари, етук мутахасис бўлиб етишишлари учун қилинган" - дейди институтнинг Молия ва иқтисод ишлари бўйича проректори Нурилла Жабборов.
Меҳмонлар бинодаги шарт шароитлар билан танишар экан, талабалик даврларини эслашди ва ҳозирги давр талабаларига ҳавас билан қарашларини, бугунги имконият ва қулайликларни 15-20 йил олдингиси билан солиштириб бўлмаслигини таъкидлашди.
Дарҳақиқат, ФТТИда фойдаланишга топширилган ушбу замонавий талабалар турар жойи институт талабаларининг малакали кадр бўлишларида катта ўрин тутади. Шундан сўнг, меҳмонлар институтнинг ўқув биноси, аудиториялар, лаборатория хоналари билан танишишди. Талабалар тураржойи очилиши муносабати билан ташкил этилган “Баҳор сайли” байрами йиғилганларга кўтаринки кайфият бағишлади.
Умид қиламизки, ёшлар талабаликнинг олтин давридан, мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиб юртимиз фармацевтика соҳаси ривожига ўз ҳиссаларини қўшадилар.
Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти
матбуот хизмати