Етакчи фармацевт олимлар мулоқоти

Жорий йилнинг 25 апрель санасида Фармацевтика таълим ва тадқиқот институтида «Замонавий фармацевтика соҳаси ривожланишининг долзарб масалалари ва тенденциялари” мавзусида I республика илмий-амалий анжумани иш бошлади. Икки кун давомида юртимизнинг фармацевт олимлари билан бир қаторда бир неча хорижлик мутахассислар ҳам ўз маърузалари билан иштирок этишди.

Анжуманнинг очилиш маросимида Олий таълим фан ва инновациялар вазири ўринбосари Шаҳлохон Турдиқулова, Тошкент шаҳар Соғлиқни Сақлаш Бош бошқармаси бошлиғи, профессор Анвар Алимов нутқ сўзлашди. Улар мамлакатимизда фармацевтика соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар аҳоли саломатлигини асрашда муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлашди.

– Тиббиётнинг ажралмас қисми саналган фармацевтика соҳаси ривожи инсон саломатлигини асрашга ва касалликларни даволашга, қолаверса бартараф этишга хизмат қилади, – дейди профессор Анвар Алимов.  – Анжуманда ушбу соҳанинг бугунги ҳолати таҳлил қилинар экан, ҳали олдинда қилинажак ишлар жуда кўп эканлиги маълум бўлади. Халқаро олимларнинг бу борада билдираётган фикр-мулоҳазалари, илмий изланишлари натижалари мамлакатимиз фармацевтикаси ривожига хизмат қилади.

Анжуманда фармацевт олимлар, шифокорлар, кимёгарлар, биологлар, Фармацевтика таълим ва тадқиқот институтининг профессор ўқитувчилари, институт илмий ходимлари, талабалар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди. Анжуман доирасида юртимиз ва хориж мамлакатлари олимлари Ўсимлик моддалари кимёси институти профессори Шомансур Сагдуллаев, фармацевтика фанлари доктори,  профессор Аҳмад Юнусходжаев, Фармацевтика фанлари доктори  Елена Флисюк, профессор Юнг-Илл Лии,

фармацевтика фанлари доктори Сергей Сурнинг маърузалари тингланди. Конференцияга тақдим этилган маърузалар махсус тўплам шаклида нашр этилди.

Анжуман ташкилотчиси, ФТТИ Магистратура бўлими бошлиғи Наргиза Султонбоеванинг маълумот беришича, анжуманда иштирок этишга республика ва хорижда  олимлар, ёш тадқиқотчилар қизиқиш билдиришган.

Пленар маърузалардан сўнг, анжуман иши  шўъбаларга бўлинган ҳолда давом этди. Шўъбаларда ФТТИнинг умидли тадқиқотчи талабалари ҳам маърузалари билан қатнашишди.  Умид қиламизки, ушбу халқаро анжуман ўзаро тажриба алмашиш учун мулоқот майдонига айланади.

Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти
матбуот хизмати