ФТТИ талабалари “Мирзо Улуғбек ворислари” танловининг шаҳар босқичига йўлланмани қўлга киритишди

Истеъдодли, билимли, тиришқоқ меҳнаткаш , аъло баҳоларга ўқийдиган талаба ҳар қандай олий ўқув юртнинг, устозларнинг ифтихори ва умиди саналади. Институтимизнинг бир гуруҳ иқтидорли талаба ёшлари ўзларининг инновацион ғоялари, тадқиқот ишлари билан республика миқёсида ўтказилаётган “Мирзо Улуғбек ворислари” танловида иштирок этишмоқда. “Мирзо Улуғбек ворислари” танлови ҳақида: 

Ўтган йилдан буён мунтазам ўтказилаётган мазкур интеллектуал кўрик-танлов мамлакатимизда иқтидорли ёшларнинг ташаббусини қўллаб-қувватлаш, уларни илмий-техник фаолиятга кенг жалб қилиш, олис ҳудудларда истиқомат қилаётган ёшларни билим, кўникма ва малакасини ошириш мақсадида ўтказилмоқда. Танлов истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш “Улуғбек” жамғармаси, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамкорлигида ташкил этилган. Жорий йилнинг март ойида танловнинг 1-босқичи Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги туман ва шаҳарлар кесимида ўтказилди. Ҳар бир туман ва шаҳардан 5 нафардан энг иқтидорли ёшлар ғолиб деб топилиб, уларга танловнинг 2-босқичига йўлланма ҳамда маҳаллий бюджетдан БҲМнинг 5 баравари миқдоридаги пул мукофотлари берилди. Танлов шартига кўра, ёшлар мини-технологиялар, робототехника, инновацион хизматлар, дастурлаш, VR ва AR, қишлоқ хўжалиги, биотехнология, муқобил энергия, соғлиқни сақлаш, сунъий интеллект ва 3D прототиплаш каби йўналишлар бўйича ўз ғоя ва ишланмалари билан иштирок этишди.

Танловга Фармацевтика таълим ва тадқиқот институтининг 50 нафар талабаси лойиҳа ва ҳужжатларни тақдим қилди. Улардан 8 нафари “Мирзо Улуғбек ворислари” танловининг 2- босқичи яъни шаҳар ва вилоят босқичига йўлланма олишди.

 21Ф-3-гуруҳ талабаси: Дилмуродов Маъруфжон Элмуродович

 21Ф-10-гуруҳ талабаси: Мамажонов Нуриддин Набижонович  

 21Ф-12-гуруҳ талабаси: Файзуллаева Севинч Баҳтиёр қизи

 21Ф-12-гуруҳ талабаси: Исамиддинов Шербек Ойбек ўғли

 21СФ-2-гуруҳ талабаси: Маҳамаджонов Козимжон Набижонович

 21Ф-5-гуруҳ талабаси Музаффаржанова Дилзода Музаффар қизи

 22Ф-10-гуруҳ талабаси: Сайфиддинова Саодат Дилмурод қизи

22СФ-2-гуруҳ талабаси Юнусхожиев Дилмурод Элмурод ўғли

Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти Аналитик ва Кимё кафедраси ўқитувчиси:

Камола Рамазонова:

 - Мен доим талабаларга институтда яратилган шароитлардан, лаборатория ускуналаридан фойдаланиб, изланинг, яратинг, керакли, самарали воситани ишлаб чиқинг, вақтингизни зое кетказманг, дейман. 

Яқинда “Мирзо Улуғбек ворислари" деб номланган танловга 50 нафардан зиёд талабамиз ҳужжат ва лойиҳа топширди. Агар танловда ғолиб бўлса, 10 млн сўм пул мукофоти билан тақдирланади. Бу жуда яхши имконият. Бундай имкониятлардан фойдаланиш ва соҳага оид турли фойдали маҳсулотларни яралишига ҳисса қўшиш керак. Қувонарлиси, "Мирзо Улуғбек ворислари" танловида қатнашган йигит-қизларимизнинг иши эътирофларга сазовор бўлди. Иккинчи босқичда ўқийдиган бир талабамиз тери касалликларини даволаш учун ғоз ёғи ва ўсимликлар экстрактини аралаштириб спрей тайёрлаган. Яна бир талаба седана ва табиий гиёҳлар экстрактидан фойдаланиб, оздирувчи эрувчан таблетка яратган. У сақлаш ва ташиш учун жуда қулай. Яна бир ишланма — йодли мармелад бўлиб, у ёнғоқ пўстлоғи экстрактидан олинади ва топинамбур ҳамда шакар ўрнини босувчи модда қўшиб тайёрланган. Қандли диабети бор беморлар учун хавфсиз ширинлик бўлиб, йод танқислигини олдини олади. Ҳомиладорларда кўнгил айнишини қолдиради, таблеткага нисбатан истеъмол учун қулай ва хуштаъм. Яна бир топилмамиз бор, у қандли диабетга чалинган беморлар учун топинамбурли конфетлардир. Бундай маҳсулот айни пайтда мамлакатимизда йўқ. Талабалар, шунингдек, ўзлари яратган маҳсулотнинг дизайнини ҳам яратишган. Булар амалга оширишнинг имкони бор ишлар. Хом ашёси Ўзбекистонда бор, маблағ талаб қилмайди, илмий раҳбарнинг билими ва тажрибаси етарли, энг муҳими, иш учун рағбат ҳам бор. Шунингдек, талабалар кариес касаллигида қўллаш учун таблеткалар ҳам яратишган. Яна бир изланувчан талабамиз 1 марталик тиш пастасини ўйлаб топди, худди сақичдек чайнайсиз, тишларингиз тозаланади. Сақлашга ҳам, олиб юришга ҳам қулай. Талабаларда ажойиб ғоялар бор. Уларнинг бари: 1-2-босқич талабалари. 

“Мирзо Улуғбек ворислари” танловида 50 нафар талабамиз ҳужжат топширган бўлса, улардан 40 нафарига саралаш босқичидан ўтгани ҳақида хабар (смс) келди. Куни кеча 8 нафар талабамизни шаҳар босқичига йўлланма олганлиги ҳақида хушхабарни эшитдик. Улар туман босқичидан ўтиб, шаҳар ва вилоятга йўлланма, пул мукофоти, сертификат ва эсдалик совғалар билан тақдирланишди. Танловнинг келгуси босқичларида уларга омад тилайман!

Эътиборли жиҳати, интеллектуал беллашувнинг кейинги шаҳар босқичида талабалар турли ҳудудларидан келган ёш тадқиқотчилар билан бир нуқтада учрашишади, мусобақа кунларида ўзаро билим ва тажриба алмашиб, фикрлари билан ўртоқлашиш, янги дўстлар орттириш имкониятига ҳам эга бўлишади. 

Танлов иштирокчилари уларнинг салоҳияти ва билимига қараб тегишли вазирликлар, идоралар ва жамоат ташкилотлари вакиллари, мутахассислар ҳамда олимлардан тузилган танлов комиссияси томонидан 100 нафар энг яхши лойиҳа муаллифлари ғолиб сифатида саралаб олинади.

Танлов ғолиблари Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш «Улуғбек» жамғармаси томонидан ташкил этиладиган мақсадли ўқув курсларида бепул ўқиш имкониятига эга бўладилар, шунингдек, БҲМнинг 20 баравари миқдорида пул мукофоти билан рағбатлантирилади.

Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти жамоаси номидан 1-босқичдан муваффақиятли ўтган талабаларни ушбу эътироф билан табриклаймиз, муваффақиятлар давомий бўлишини тилаб қоламиз!


Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти
Матбуот хизмати