"ЛИДЕР" рукнининг бу галги қаҳрамони Маъруфжон ДИЛМУРОДОВ
Бугун сизга ҳикоя қилмоқчи бўлган қаҳрамонимиз Фармацевтика таълим ва тадқиқот институтининг намунали талабаларидан.
Танишинг: Дилмуродов Маъруфжон Элмуродович.
Институтда Маъруфжонни танимаган, билмаган инсон бўлмаса керак. Маъруфжон ФТТИда ўтказиладиган барча маърифий-маданий тадбирлар, анжуманларнинг фаол иштирокчиси. Қаҳрамонимиз тиббиётга, доришунослик соҳасига тасодифан келиб қолмаган, соҳага қизиқиш унда болаликда пайдо бўлган. Бухородаги ўрта мактабни “Аъло даражали” шаҳодатнома билан тамомлаган Маъруфжон ўқишни Бухоро давлат тиббиёт институти академик лицейининг табиий фанлар йўналишида давом эттиради.
- “10-синфни тамомлаётганимда Тошкентда ва чет эллардаги тиббиёт йўналишидаги Олий ўқув юртларини кўздан кечира бошладим. Мен замонавий шароитларга эга олий ўқув юртида ўқишни истардим. Эътиборимни Тошкентнинг Юнусобод даҳасида очилган янги Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти тортди ва шу Олий ўқув юртида ўқишга қарор қилдим” – деди суҳбатимиз чоғида Маъруфжон Дилмуродов.
Институтда аъло баҳоларга ўқиш билан бир қаторда Маъруфжон талабаликнинг илк давридан доришунослик соҳасидаги илмий тадқиқотларни ўқитувчиси, илмий раҳбари Камола Рамазонова бошчилигида бошлади ва мамлакатимизда илм-фан, таълим йўналишидаги кўрик-танловларда эътирофга сазовор бўлди.
Маъруфжоннинг келажак учун орзулари катта. У Фармацевтика соҳасида илмий фаолиятни тадбиркорлик билан биргаликда олиб бориш ва бу орқали юртимиз равнақи ва тараққиётига муносиб ҳисса қўшишни истайди.
- “Келгусида илмий раҳбарим Камола Рамазонова билан биргаликда изланишлар олиб бориб, ҳозирги кунда энг долзарб бўлган касаллик Онкология ва шу касалликка чалинган беморлар учун даволаш эффекти юқори бўлган дори перепаратларини ишлаб чиқариш ниятидаман . Бўш вақтимда чет тилларини ўрганиш, китоб ўқиш ва спорт билан шуғулланишга қизиқаман.” – дейди Маъруфжон Дилмуродов .
Маъруфжон Дилмуродовнинг ютуқлари:
🏆 Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги қошида ташкил этилган C.A.T. Science Accelerator 4.0 дастурида илмий раҳбари Камола Рамазонова бошчилигида “Doc-Soap” совуни ишлаб чиқариш лойиҳасида жамоа билан иштирок этди. Жамоа фахрли 2-ўринни эгаллади ва 100 млн сўм пул мукофоти билан тақдирланиб, республика финал босқичига йўлланмани қўлга киритди. “Doc-Soap” лойҳаси билан Grandpharm Scholarship 2022 стипендияси совриндори бўлди.
“Hemostatic” қон тўхтатувчи намланган салфеткалар” Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги қошида ташкил этилган Yashnabod Texnopark дастурида қатнашиб, Республика финал босқичи иштирокчиси бўлди.
Таркибида табиий маҳсулотлар сақлаган “Complex-Tea” коронавирус касаллигида кузатиладиган кўп терлаш, қон қуйилишини даволаш ва иммунитетни ошириш учун чой ишлаб чиқариш лойиҳаси Ўзбекистон Талабалар Алманахи иштирок етиб Ўзбекистон ТОП-100 Лидер талабалар қаторидан жой олди ва “Зиёлилар” II китобига Дилмуродов Маъруфжон ҳам киритилди.
Маъруфжон Ёшлар ишлари агентлиги ҳузуридаги Ёш маслаҳатчилар кенгаши аъзоси ва Тошкент шаҳар “Тиббиёт йўналиши” волонтёри.
Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти “Олтин Қанот” волонтёрлари координатори.
Қаҳрамонимиз яқинда Мирзо Улуғбек ворислари танловида янги инновацион лойиҳа билан иштирок этиб вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритди.
Азиз талаба, Сиз олдингизга қандай мақсадларни қўйгансиз, бўш вақтингизни қандай ўтказасиз?
Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти
Матбуот хизмати