ТАЛАБА БЎЛИШГА ТАЙЁРМИСИЗ?
2022-2023 ўқув йили ҳам ўз якунига етиб бормоқда. Мактаб битирувчиларининг аксарияти ўз келажаклари ҳақида қайғуриб, олий таълим масканларига кириш имтиҳонларига тайёргарликни бошлаб юборишган, албатта.
Бир вақтнинг ўзида йўналишлари бир-бирига яқин бир неча билим юртларига имтиҳон топшириш имкониятидан фойдаланишни хоҳловчилар ҳам кўпчиликни ташкил этади.
Айни кунларда “Қайси институт менга маъқул бўлар экан?”, дея янги маълумотлар излаётганлар учун Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти вакиллари бевосита ўрта таълим масканларида учрашувлар ташкил этишмоқда.
Илк учрашув Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида жойлашган 136-сонли ўрта мактабда бўлиб ўтди. Мактабнинг 10-11-синф ўқувчиларига Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти, ундаги шароит, таълим йўналишлари ҳақида батафасил маълумот берилди.
Институтнинг “Фармацевтикада бошқарув ва иқтисодиёт кафедраси” мудири, фармацевтика фанлари бўйича фалсафа доктори Аброр Раҳимов фармацевтика, фармацевт атамаларининг маъносини тушунтириб, бу соҳа эгаларининг иш фаолиятлари кўлами, Фармацевтика таълим ва тадқиқот институтида таълим олган талабалар учун келажакда очиладиган имкониятлар борасида сўзлаб, бу соҳага бўлган қизиқишларини уйғотди.
Тадбир сўнгида мактаб ўқитувчи ва ўқувчиларини қизиқтирган саволларга жавоб берилди.
Бу каби учрашувлар шаҳримизнинг бир қатор ўрта таълим масканларида ўтказилиши режалаштирилмоқда.
Фармацевтика таълим ва тадқиқот
институти матбуот хизмати