Оддий арча
ТОҒ КЎРКИ. Халқимиз барча дарахтлар каби арча дарахтига кўп меҳр қўяди. У тоғ кўрки. Ривоят қилишларича, оби ҳаёт, яъни тириклик сувини яратган Луқмони Ҳаким, уни ичишга кўнгли бўлмай, идишдаги сувни ёш арча тагига тўккан эмиш. Арча дарахтининг узоқ яшаши ва доим ям-яшил бўлиб туришига сабаб ана шунда эмиш. Ҳозир ҳам ҳатто икки минг ёшга кирган арчалар учрайди. Арча дарахти тинка-мадори қуриган, ҳорғинликда бўлган одамга малҳамлик қилади, арчанинг одамни тинчлантирувчи ажойиб ҳислати борки, бу инсониятни ҳали-ҳамон лол қолдириб келмоқда…
Оддий арча. Оиласи – сарвигулдошлар – Cupressaceae, бўйи 1-3 м га етадиган икки уйли, доим яшил бута. Барги бандсиз, қаттиқ, игна шаклида бўлиб, пояси билан шоҳларида тўп-тўп бўлиб жойлашган. Оталик ва оналик гуллари айрим-айрим бутадаги қуббаларда тараққий қилади. меваси – юмалоқ қубба мева, иккинчи йили етилади.
Оддий арча Россиянинг Европа қисми ва Сибирдаги игнабаргли ва майда баргли аралаш ўрмонларда, баъзан ботқоқли ўрмонларда ўсади.
Оддий арча мевасининг таркибида қандлар, эфир мойлари, смолалар, ёғлар, органик кислоталар, витамин С ва бошқа моддалар учрайди.
Ўзбекистонда арчанинг 3 тури ўсади:
1. Зарафшон арчаси (қора арча, қизил арча) – Juniperus zaravchanica Kom.
2. Туркистон арчаси (ўрик арча) – Juniperus turkestanika Kom.
3. Сарв арча - Juniperus semiglobosa Rgl.
Арчалар бир уйли ёки икки уйли доим яшил дарахт ёки бута, баландлиги 12-14 м, айрим ҳолларда 30 м га етиши мумкин. Барглари ёш ўсимликларда тангасимон, игнасимон, безлар билан қопланган. Эркак гуллари овал шаклида, чангчи таначалар кенг, узунасига ёриладиган 3-6 спорангийлардир. Урғочи қуббалари 3-9 ёки 4-6 бирлашган тангачалардан ташкил топган. Пишиш жараёнида этлик ва смолали бўлиб етишади. Арча мевасини кўпроқ қубба ҳўл мева ёки ҳўл мева деб аталади. Уруғи 1-10 та бўлиб биттадан ҳар бири этли тангача қўлтиғида етилади. Уруғи иккинчи йил кузига келиб етилади.
Ишлатилиши:
Зарафшон арчасини фитокимёвий ўрганиш натижасида, Россия ерларида ўсадиган оддий арчанинг таркибидаги биофаол моддалари билан яқинлиги исботланган ва оддий арча меваси каби Зарафшон арчасининг меваси сийдик ҳайдовчи восита сифатида тавсия қилинган.
Зарафшон арчасининг мевасида эфир мойлари, флавоноидлар, смолалар ва бошқа моддалар бор.
Халқ табобатида ишлатилиши:
Баҳорда авитаминоз, толиқиш даврида оддий арча мевасини биринчи куни 1 донадан 4 донагача берилади, умумий сони 15 га етганида ҳар куни 1 донадан камайтириб, 4 донагача олиб келинади.
Қайнатма: 200-300 гр хом ашё (кўк новдалари) 1 л сувда 15 дақиқа қайнатилади ва 45 дақиқа совитилади, сузилиб, ванна сувига қўшиб, бод, суяк оғриғи касалликларида ишлатилади.
Туркистон арчасидан тайёрланган қайнатма томоқ, милк касалликларини чайиб даволашда яхши натижа беради. Мевасидан тайёрланган суртма дорилар қўтир (қичима), экземаларда ишлатилади. Эфир мойлари кучли антисептик ва батерицид восита сифатида битмас яраларни даволашда яхши натижа беради.
Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти
матбуот хизмати