“Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур – ҳамиша барҳаёт”
Мана орадан беш асрдан ортиқ вақт ўтибдики улуғ мутафаккир боболаримиз, сўз мулкининг султони Алишер Навоий ҳамда шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг бой маънавий мероси бутун дунёни ҳайратга солиб, инсонлар қалбига, онгу шуурига эзгулик, инсонпарварлик, саховат ва меҳр-мурувват нурини таратиб келмоқда. Шу кунларда юртимизда Алишер Навоий таваллудининг 582 ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллиги кенг нишонланмоқда.
Фармацевтика таълим ва тадқиқот институтининг профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалари ўртасида ҳар икки мутафаккир боболаримимизни хотирлаб “Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур – ҳамиша барҳаёт” мавзусида тадбир ўтказилди.
Тадбирда Маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор вазифасини бажарувчи, касаба уюшмаси раиси, ижтимоий-гуманитар фанлар кафедраси мудири, доцент К.К. Исмоилов ҳар икки ижодкор дунё адабиёти тарихида жуда катта ўрин тутишини, халқпарвар давлат арбоби сифатида жамиятда тутган юксак мавқеи жиҳатидан ҳам, илм-фан, маданият ва санъат, адабиёт аҳлига кўрсатган ҳомийлиги жиҳатидан ҳам ўхшаши йўқ сиймо эканлигини, улар бугун ўзбек халқининг миллий ифтихорига, адабий, маънавий камолот тимсолига айланганлигини таъкидлади.
Кеча меҳмони Ўзбекистон Республикаси Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Ойгул Убайдуллаева Алишер Навоий шахси ва ижоди билан боғлиқ маълумотларни иштирокчилар эътиборига ҳавола этар экан, Навоийнинг ижодини ўрганиш ва илмий таҳлили бўйича сўнгги йилларда қатор таниқли тадқиқотчилар иш олиб бораётганлигини, бугунги кунда ҳам унинг ижодий мероси кўпгина олимларимизни илҳомлантириб келаётганлигини, маънавиятимиз асосларини эса буюк бобомизнинг бебаҳо меросидан айро тасаввур этиб бўлмаслигини айтиб ўтди.
Филология фанлари номзоди Акромжон Деҳқонов Заҳириддин Муҳаммад Бобур буюк давлат арбоби, моҳир саркарда сифатида ақл-заковати ва шижоати билан Ҳиндистонда Бобурийлар сулоласига асос солганлиги, ўзбек тилида ёзилган “Бобурнома”, “Мубаййин”, “Хатти Бобурий”, “Ҳарб иши”, “Мусиқа сирлари”, “Қофия илми” каби асарлари билан жаҳоннинг машҳур тарихнавис олимлари қаторидан жой олганлиги тўғрисидаги фикрларини билдирди.
Мир Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти ва ижодини ўрганар эканмиз, улар умри давомида халққа хизмат қилиб, бунёдкорлик, яратувчанлик ишларида шахсий ибрат кўрсатганини янада ёрқинроқ билиб оламиз. Улар барча асарларида ана шу эзгу ғояларни тарғиб этди.
Халқимиз маънавий дунёсининг юксалишига улкан ҳисса қўшган икки буюк шахс – Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуди муносабати билан ташкил этилган тадбирда институт талабалари ҳам саҳна кўринишлари, ёд олган ғазал ва рубоийлари билан иштирок этди.
Тадбирдан сўнг меҳмонлар шоира Ойгул Убайдуллаева, Филология фанлари номзоди Акромжон Деҳқонов институт аудиторияларини айланиб, бу ерда талабалар билим олишлари учун мавжуд шароитлар билан танишишди.