ФАРМАЦЕВТИКА ТАЪЛИМ ВА ТАДҚИҚОТ ИНСТИТУТИДА ОЧИҚ ЭШИКЛАР КУНИ
Касб танлаш – ҳар бир инсон ҳаётидаги энг муҳим танловлардан бири. Касб – нафақат даромад топиш манбайи, балки умрнинг асосий қисми сарфланадиган фаолият ҳамдир.
Битирувчи синф ўқувчиларининг ҳар бири ўқишни олий таълимда давом эттиришни истайди. Ўсмир борки келажаги порлоқ бўлиб, билимли, зиёли бўлишни, давр талабига мос бўлган (ёшлар тили билан айтганда: трендда бўлган) касбни эгаллаш орзусида бўлади.
Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти ёшларга бугунги кунимизнинг энг долзарб бўлган бир қатор касбларини эгаллашларида яқин кўмакчи бўла олади.
Бу қандай касблар?
Бугун 3 февраль куни Фармацевтика таълим ва тадқиқот институтида ўтказилган “Очиқ эшиклар куни”га ўз устозлари билан ташриф буюрган ўқувчилар ана шу саволга жавоб олди.
Юнусобод туманидаги 122 -, 250 - , 258 – сонли ўрта мактабларнинг битирувчи синф ўқувчиларини институтнинг 1-проректори профессор Умарова Шахноз Зиятовна, институт касаба уюшмаси раиси Исмоилов Камолиддин Қурултоевич кутиб олди.
Шахноз Зиятовна институт, унда яратилган шароитлар, мавжуд қулайликлар, абитурентлар учун ташкил этилган ўқув маркази ҳақида маълумот берганидан сўнг, ёш меҳмонларимиз гуруҳларга бўлиниб, Институтнинг малакали мутахссислари фармацевтика фанлари бўйича фалсафа доктори Аброр Раҳимов, ёшлар билан ишлаш бўйича декан ўринбосари Нигора Юсупова бошчилигида инситут ўқув биносини айландилар.
Ўқувчиларга Фармацевтика таълим ва тадқиқот институтида ўқитиладиган мутахассисликлар, билим даргоҳида таълим бераётган педагоглар салоҳиятлари борасида маълумот берилди.
Замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган лаборатория хоналари, у ерда ўтказилаётган амалий машғулотлар мактаб ўқувчиларда қизиқиш уйғотди.
Шунингдек, ўқувчилар институт ахборот-ресурс маркази, фаоллар залида ҳам бўлди.