Афғон йигити ёнадиган ва иссиқ ҳароратда музлайдиган «сув» ихтиро қилди
Ҳамза Жан Сарварий исмли афғонистонлик изланувчи кимёвий усулда ғайритабиий хусусиятларга эга бўлган бир неча турдаги «сув» ихтиро қилди.
Унинг айтишича, бу «сув» ёнади ва унга ёниш хусусиятини, жумладан, таркибидаги орттирилган кислород беради. У, шунингдек ёниш жараёнида тутун ёки ранг ҳам ҳосил қилмайди.
Ҳамзадан ушбу «сув»нинг афзаллиги ва ихтиродан мақсад ҳақида сўралганида, у буни кейинчалик ёқилғи сифатида ишлатиш имкониятлари ҳақида айтади.
«Биз ҳаммамиз ишонамизки, бир кун келиб ёқилғи манбалари тугайди, шунинг учун бунга ечим топмоқчи бўлдим ва келажакда бу сувни ёқилғи сифатида ишлатмоқчиман. Шу билан бирга, у нефт ва газ каби ҳавони ифлослантирмайди. Айни пайтда бу ихтиро биз учун қимматроқ тушган. Ҳозир нефт ва газдан ҳам арзонроқ бўлиши устида ишлаяпмиз. Кейин биз уни ёқилғи сифатида ишлатишимиз мумкин», – дейди у.
Изланувчи ҳозирда ҳавонинг ифлосланиши глобал муаммо экани, экологик тоза бўлган ушбу ихтироси эса бу борада аҳамияти катта бўлган ечим эканини айтади.
Ҳамза Жан Сарварий, шунингдек яна бир ғайритабиий хусусиятга эга «сув»ни тақдим қилмоқда. Бу «сув»нинг янгилиги шундаки, у 18 даража иссиқ ҳароратда музлай бошлайди ва 13 даража иссиқда бутунлай музлайди. 40 даражагача иссиқ ҳавода эса эримайди. Тўғрироғи, Цельсий шкаласи бўйича 42 даража иссиқда эрий бошлайди.
«Бу сувнинг ўзи музли, лекин совуқ эмас, унинг совуқлиги атиги +13 даражани ташкил қилади. Ёзги мавсумда чанғи майдонларини қуриш учун фойдаланиш мумкин», – дейди Ҳамза Жан Сарварий.
Манба: xabar.uz
Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти
Матбуот хизмати