Мутахассис: Гриппдан сўнг организмнинг тикланиши учун камида 7-10 кун керак
Муҳайё Асилова,
Республика вирусология илмий текшириш институти клиникаси бош шифокори :
— Гриппга хос белгилар барчамизга яхши маълум. Бироқ иситма меъёрлашиб, йўтал ва бурун оқиши тўхтагач, кўпчилик касалликдан тўлиқ тузалдим, деб ўйлайди. Бу — янглиш хулоса.
🩺 Ваҳоланки, хасталикнинг ўткир босқичидан сўнг жисмоний ва руҳий толиққан, сувсизланган ҳамда кўп қувват йўқотган организмнинг тикланиш даври бошланади. Бу вақтда танада ҳолсизлик, чарчоқ ва заифлик кузатилади.
🗓 Ўрганишларга кўра, гриппнинг енгил шаклида организм тахминан етти-ўн кун ичида тикланади. Касалликнинг ўрта оғир босқичида бу муддат ўн-ўн тўрт, баъзан 21 кунгача чўзилади. Гриппнинг оғир шаклини тўлиқ енгиб, қувватга кириш учун эса уч ой вақт керак.
🔬Бу ҳаммада ҳар хил кечади. Тикланиш муддати беморнинг касаллик бошланишидан аввалги иммунитети ҳолатига боғлиқ. Чунки вирус сурункали хасталикларни қўзғатиб юбориши мумкин.
Қолаверса, грипп асоратлари нафақат отит ва синусит, балки вирусли пневмония, менингит, юрак ишемик касалликлари, бронхиал астма ва сурункали бронхитни ҳам келтириб чиқариши эҳтимоли мавжуд.
🧠 Бу вирусларга қарши курашдан сўнг иммунитет заифлашиб, ички аъзолар фаолияти бузилиши билан изоҳланади. Шунингдек, хасталик чоғида инфекциялар туфайли асаб тизими зарарланади. Оқибатда бемор тўлиқ оёққа турганидан кейин ҳам токсинларнинг мияга таъсири узоқ давом этади.
🙇🏻♀️Шу боис, бемор ҳолсизлик, жиззакилик, бош оғриғи, уйқу бузилиши, хотира сусайиши ва иш қобилияти пасайишидан азият чекади.
Ўз навбатида, муолажа жараёнида фойдаланилган дори-дармонларнинг жигар, буйрак ва овқат ҳазм қилиш тизимига айрим ножўя таъсирлари сезилиши мумкин.
Шу боис гриппдан тузалган беморлардан қуйидагилар талаб этилади:
🏊🏻♀️ жисмоний фаоллик ва стрессдан сақланиш;
📈 иммунитетни мустаҳкамлаш;
🥗 тўғри овқатланиш;
💊 витамин терапияси;
💉 ичак микрофлорасини тиклашга қаратилган дори-дармон муолажаcи;
📌 массаж ва физиотерапия машқлари.
МАНБА: ССВ Матбуот хизмати.