9 апрель Амир Темур таваллуд топган кун

 

Юртимизда ҳар йили буюк саркарда соҳибқирон Амир Темур таваллуд топган кун кенг нишонланмоқда. Анъанага мувофиқ, бу йил ҳам улуғ бобокалонимизни хотирлаб турли тадбирлар ўтказилмоқда. Фармацевтика таълим ва тадқиқот институтида ҳам бобокалонимиз Амир Темур хотирасига бағишланган давра суҳбати ҳамда Темурийлар тарихи давлат музейига экскурсия уюштирилди. 

 

Тиллар кафедраси мудири, доцент Саодат Мелиқўзиевна Тўйчиева ҳамда тарих ўқитувчиси Юлдуз Ҳусанбоева бошчилигида кеча 1-босқич Фармация йўналишининг 112 А ва Б гуруҳи талабалари Темурийлар тарихи музейига боришди.  “Музейда машғулот” рукнида "Амир Темур - буюк саркарда ва арбоб" мавзусида уюштирилган мазкур тадбир соҳибқирон шахсига ҳурмат кўрсатиш, талабалар дунёқарашини кенгайтириш, тарихий билимини мустаҳкамлаш ва бўш вақтларини мазмунли ўтказиш каби эзгу мақсадларни ўз олдига қўйган. Музейда машғулотни иқтисод фанлари номзоди, доцент К.К.Исмаилов олиб борди. Саёҳат мобайнида талабалар соҳибқирон ҳаёти ва амаллари ҳақида маьлумотга эга бўлишди. Шунингдек, улар яна бобомиз Амир Темур тарихи музейига ташриф чоғида қадимий пул муомала вазифасини ўтаган кумуш тангалар, қурол-аслаҳалар, сопол идишлар ва темурийлар даврига тегишли тарихий қўлёзмалар ва улар ҳақидаги маълумотларга эга бўлишди.

 

Мустақиллик йилларида Амир Темур шахсини улуғлаш, унинг турли соҳаларга оид бой меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш, номини абадийлаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Музейни кўздан кечириш вақтида Тошкент, Самарқанд ва Шаҳрисабз каби шаҳарларда Соҳибқироннинг маҳобатли ҳайкаллари қад ростлагани, пойтахтимиз марказида, унинг номи билан аталувчи хиёбон ёнида Темурийлар тарихи давлат музейи ташкил этилгани ҳақида сўзлаб берилди. Музейга саёҳат талабаларнинг тарих, қадимий обидалар ҳақидаги таъсуротларини янада бойитди.

 ФТТИ матбуот хизмати