Адонис ўсимлиги
Ибн Сино мактаби рукнида бугун биз илмий тиббиётда ишлатишга тавсия қилинган адонис ўсимлиги турлари ҳақида тўхталиб ўтмоқчимиз.
Тилла рангли адонис
Кўп йиллик ўт – ўсимлик, пояси тик ёки кўтарилиб ўсади, баландлиги 15-30 см, шохланмаган ёки шохланган. Барги ништарсимон ёки думалоқ ромбсимон бўлакларга уч марта патсимон қирқилган, узун бандида ёки бандсиз поя ва шохларида кетма-кет жойлашган. Йирик сариқ гуллари поя ва шохларининг учида якка-якка ўрнашган. Меваси – кўп ёнғоқли, тўп мева, апрель-майда гуллайди, июнда меваси етилади. Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистоннинг тоғ тизмаларида, қора тупроқли, майда шағалли, нам ерларда, қорга яқин жойларда ўсади. Таркибида юрак гликозидлари, сапонинлар, кумаринлар, органик кислоталар, витамин С, каротин бўлади.
Ўсимликнинг ҳамма қисми заҳарли!
Илмий тиббиётда юрак хасталикларини даволашда ишлатилиши мумкинлиги кўрсатилган.
Дамлама: 2 ош қошиқ майдаланган адонис ер устки қисмидан олиб, устига 400 мл қайноқ сув қуйилади ва 20 дақиқа сув ҳаммомида қиздирилади, сўнг совитиб, сузилади. Халқ табобатида 2-3 ош қошиқдан 3-4 марта юрак безовта бўлганида, суяк оғриқларида, асаб касалликларида , бош оғриғида ва ошқозон касалликларида ишлатилади.
Туркистон адониси (сариқгул)
Adonis turkestenica
Кўп йиллик ўт ўсимлик. Бўйи 30-80 смга етадиган, поялари кўп, тик ўсувчи бўлиб кам шохланган. Барглари йирик, ништарсимон кўп учли. Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг арчазорлари ва улардан баландроқ ерларда – субалпик зоналарда учрайди.
Ўсимлик заҳарли.
Ўсимликнинг гуллаш даврида йиғиб олинган хом ашё соя жойда, тезкорлик билан сунъий равишда 50-60 0С да қуритиш тавсия этилади.
Асосий биофаол модда – юрак гликозидлари.
Ишлатилиши:
Юрак касалликларини даволашда ишлатилади. Халқ табобатида дамлама тайёрлаб, безгак титроқларида ва нафас сиққанда ишлатилади.
Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти
Матбуот хизмати