Шавкат Мирзиёев: "Таълим, таълим, таълим ва яна бир марта таълим" December 21, 2022

Ўзбекистонда 2023 йил «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили» деб эълон қилинди

Президент Мирзиёевнинг айтишича, йилга ном танлаш учун аҳолидан тушган «20 мингга яқин таклиф» муҳокама қилинган. «Жуда кўп ўйландик», деди у. Давлат раҳбари 2023 йилга берилган номни изоҳларкан, Юсуф Хос Ҳожибдан иқтибос келтирди: «Заковат бор жойда улуғлик, билим бор жойда буюклик бўлади».

Президент Шавкат Мирзиёев 20 декабрь куни Тошкентдаги Конгресс-холлда парламентга Мурожаатнома йўллади. У ўз чиқишида келгуси 2023 йилги «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили» деб ном беришни таклиф қилди. Ушбу таклиф йиғилиш қатнашчилари томонидан гулдурос қарсаклар билан қўллаб-қувватланди.

Нега 2023 йилга бундай ном берилди?

Президент 2023 йилги режаларни тўғри олиш учун «жуда катта-катта одамларни пастларга, биринчи марта маҳаллаларгача туширилгани»ни таъкидлади. «Қани, одамларимиз нима истаяпти? Нима ниятлари бор? Нимадан рози, нимадан норози? Келажакка нима таклифлари бор?», — деган саволларни қўйди давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, 20 мингга яқин таклифлар муҳокама қилинган. «Одамларимиз таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт йўналишларидаги аниқ-аниқ масалаларни кўтариб, улар бўйича тизимли ечимларни ҳам таклиф қилган», — деди президент. Давлат раҳбари уларни «ҳозирги вақтда одамларни қийнаётган ва эртанги кунимизга, ўзгаришимизга, тараққиётимизга тўғри замин яратиш бўйича таклифлар» деб атади.

«Мен бу фикрларни ўрганиб, бир нарсага амин бўлдим. Аҳолимиз биздан мактаб, боғча ва шифохоналар кўпайтириш, таълим ва тиббиёт сифати ошириш; маҳаллада йўл, сув, электр, транспорт муаммолари ҳал қилиш; иш ўринларини кўпайтириш, тадбиркорликка янги имкониятлар яратишни; адолат таъминлаш, оворагарчилик, бюрократия, энг асосийси, коррупцияни йўқ қилишни кутмоқда. Кўтарилган масалалар аниқ ва ўринлидир. Қанчалик қийин бўлмасин, биз бу муаммоларни ечишимиз шарт», — деди Мирзиёев.

Президент кўтарилаётган масалаларни ҳеч ким четдан келиб ҳал қилиб бермаслигини яна бир бор таъкидлади: «Ҳеч ким четдан келиб — мен ҳар сафар шу масалани айтаман — ҳеч ким четдан маҳаллага келиб, районга келиб, вилоятга келиб, Ўзбекистонга келиб, буларни ҳал қилиб бермайди, ҳеч қачон. Фақат ва фақат ўзимиз қилишимиз керак. Ўзимиз режаларимизни ҳозирги замонга [мослаб], муносиб қарор, фармон, қонунларимизни чиқаришиз керак. Одамларимизнинг ташаббуси, шижоати ва салоҳиятини ишга солиш учун барча шароитларни яратиш асосий вазифалармиз бўлиб қолиши керак».

Шавкат Мирзиёев халққа қанча имконият яратилса, бунинг фойдаси 10 карра, 100 карра бўлиб қайтишини, бунга сўнгги йилларда ҳамма гувоҳи бўлиб турганини айтиб ўтди. «Қанча шароит яратсак, шунча одамларимиз рози бўлиб, ўз ҳаётини, ўз турмушини, ўз йўналишини, ўз режаларини мутлақо катта-катта поғонада, баланд режаларни амалга оширяпти», — дея қайд этиб ўтди президент.

Шундан сўнг, давлат раҳбари юқорида айтган сўзларига хулоса қилиб, 2023 йилга Ўзбекистонда «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили» деб ном беришни таклиф қилди. Йиғилганлар ушбу таклифни гулдурос қарсаклар билан олқишлаб, қўллаб-қувватлади. Президент бунинг учун йиғилганларга миннатдорчилик билдирди.

«Инсон қадри деган ғояни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак. Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили деб эълон қилишимиз, агар [буни] чуқур таҳлил қилсак, жуда кўп ўйландик, нималар қўйиш мумкин, деб. Албатта, кечаги қилган ишимиз билан бугунгисининг давомийлиги, бардавомлиги бўлиши керак. Бардавомлик нуқтаи назардан, яна ва яна Инсон қадри деган ғоя йилларга қўшилиб давом этиши керак. Шунинг учун „Инсонга эътибор ва сифатли таълим“ [деб ном қўйдик]», — дея тушунтирди президент.

«[Инсонга] қачон эътибор бўлади? Таълим, таълим, таълим ва яна бир марта таълим. Мен олти йил олдин шу масалаларга чуқур эътибор қилиб, биринчи кундан бери таълимимиз ҳақида кўп гапираман. Агар таълим бўлса, билим бўлса, сифат ўзгаради. Таълим бўлмаса, сифат ўзгармаса, эътибор ҳам ўзгармайди», — деди Мирзиёев.

«Нима учун йилга бундай ном беряпмиз? Биз Ўзбекистонда олиб бораётган давлат сиёсатининг марказида инсон ва унинг манфаатларини таъминлашни устувор вазифа этиб белгилаганмиз. Аслида ҳам бизнинг энг бебаҳо бойлигимиз бу — бунёдкор халқимиз, дуогўй ота-оналаримиз, навқирон авлодимиз эмасми? Шу юртда яшаётган ҳар бир инсоннинг тинч ва бахтли ҳаёт кечириши, унинг соғлиғи жойида бўлиши, яхши таълим олиши, оиласини тебратиш учун қандай шароит керак бўлса, ҳаммасини яратиб беришга ҳаракат қиляпмиз ва бу йўлдан асло тўхтамаймиз», — деди давлат раҳбари.

Президентнинг таъкидлашича, таълим сифатини ошириш Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўлидир: «Юсуф Хос Ҳожиб бобомиз айтганларидек, „Заковат бор жойда улуғлик бўлади, билим бор жойда буюклик бўлади“. Шунинг учун ушбу соҳада бошлаган ислоҳотларимизни давом эттиришимиз, таълим даргоҳларига бориб, ўқитувчи ва мураббийлар билан кўпроқ мулоқот қилиб, сифатни ошириш бўйича улар қўйган масалаларни биргаликда ҳал қилишимиз зарур».
Шавкат Мирзиёев ўқитувчи ва мураббийларнинг «обрўи жойига қўйилса», мактаблар, мактабгача таълим ташкилотлари ва олийгоҳларда сифат ўзгаришларин амалга оширилса, «бутун ҳаракатларимиз икки-уч карра ўзгариши»ни айтиб ўтди. «Ютуқлар бизники бўлади, фақат билим керак. Билим керак, нимага десангиз, ҳар биримиз орқамизга қараб, қандай буюк аждодларнинг фарзанди эканимизни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак», — дея қўшимча қилди президент. Ўзбекистонда йилларга қандай номлар берилган?
  • 2023 йил — Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили
  • 2022 йил — Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили
  • 2021 йил — Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили
  • 2020 йил — Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили
  • 2019 йил — Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили
  • 2018 йил — Фаол тадбиркорлик, инноватсион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили
  • 2017 йил — Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили
  • 2016 йил — Соғлом она ва бола йили
  • 2015 йил — Кексаларни эъзозлаш йили
  • 2014 йил — Соғлом бола йили
  • 2013 йил — Обод турмуш йили
  • 2012 йил — Мустаҳкам оила йили
  • 2011 йил — Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили
  • 2010 йил — Баркамол авлод йили
  • 2009 йил — Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили
  • 2008 йил — Ёшлар йили
  • 2007 йил — Ижтимоий ҳимоя йили
  • 2006 йил — Ҳомийлар ва шифокорлар йили
  • 2005 йил — Сиҳат-саломатлик йили
  • 2004 йил — Меҳр ва мурувват йили
  • 2003 йил — Обод маҳалла йили
  • 2002 йил — Қарияларни қадрлаш йили
  • 2001 йил — Оналар ва болалар йили
  • 2000 йил — Соғлом авлод йили
  • 1999 йил — Аёллар йили
  • 1998 йил — Оила йили
  • 1997 йил — Инсон манфаатлари йили


Манба: gazeta.uz

Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти
Матбуот хизмати