Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги ОИВда қўлланадиган Каботегравир препаратини тасдиқдан ўтказди
Россия федерациясининг Соғлиқни сақлаш вазирлиги ViiV Healthcare компаниясининг "Вокабриа" (халқаро патентланмаган номи — каботегравир) препаратини тасдиқдан ўтказди. ЖССТ аввалроқ каботегравирни ОИВнинг контактдан аввалги профилактикаси сифатида тавсия қилган эди.
ViiV Healthcare ОИВнинг контактдан аввалги профилактикаси сифатида қўлланадиган "Вокабриа" (узайтирилган таъсирга эга) препарати учун рўйхатдан ўтганликни тасдиқловчи ҳужжатни олди. Бу ҳақидаги маълумотлар Дори воситалари давлат реестрига жойлаштирилган.
Препарат мушак ичига юбориш учун суспензия билан тўлдирилган флаконларда икки хил дозада — 400 ва 600 мг (узайтирилган таъсирга эга) ҳажмда чиқарилади.
"Вокабриа" (ХПН — каботегравир) — вирусга қарши восита бўлиб, интеграза ингибиторлари гуруҳига киради. Дори воситалари давлат реестрида эълон қилинган ҳужжатга мувофиқ, Каботегравир ОИВ инфекциясини даволаш учун бошқа вирусга қарши препарат — рилпивирин билан биргаликда буюрилади. Шунингдек, унда препаратни қўллашнинг икки хил схемаси тавсифланган. Биринчи схемада препарат мушак ичига бир ойда бир марта, иккинчисида эса ҳар икки ойда бир марта юборилади. Ҳар икки дорининг дозаси (каботегравир ва рилпивирин) танланган схемага боғлиқ бўлади. Рилпивирин комбинацияланган ҳолатда инъекция шаклида ҳам қўлланилиши керак.
Россия реестрида рилпивирин фақат таблетка шаклида рўйхатга олинган.
Препаратни қўллашга нисбатан қарши кўрсатмалар сифатида унинг таркибий қисмларига нисбатан юқори сезувчанлик қайд этилган. Бундан ташқари, уни ҳужжатда кўрсатилган талвасага қарши ёки силга қарши дорилар билан бирга қўллаш мумкин эмас. Алоҳида бандда "Вокабриа"нинг эҳтиёт чоралари кўрилмаган ҳолатда ОИВ инфекцияси юқишига тўсқинлик қила олмаслиги назарда тутилади.
"Вокабриа" таблетка шаклида 2021 йили FDA томонидан тасдиқланган. Регулятор, шунингдек, Cаbenuva номли (каботегравир ва рилпивиринни бирлаштирган) дорини ҳам тасдиқдан ўтказди. Россияда ушбу дори рўйхатга олинмаган.
Аввалроқ, "ФВ" ЖССТ каботегравирни ОИВнинг контактдан аввалги профилактика воситаси сифатида тавсия қилгани ҳақида ёзган эди. Хавф гуруҳларидагилар бўйича тадқиқотлар шуни кўрсатдики, узайтирилган таъсирга эга каботегравир ОИВ юқиши хавфини перорал воситаларга нисбатан 79% самаралироқ пасайтиради.
Манба: pharmvestnik.ru
Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти
Матбуот хизмати.