Ўзаро ҳамкорлик йўлидаги муҳим учрашув
2 декабрь куни АҚШнинг Аризона университети вакиллари Ахмет Толга Туркер ва Людмила Кларклар Фармацевтика таълим ва тадқиқот институтига мазкур олий ўқув юртининг янги ўқув биноси ва унда яратилган қулай имкониятлар билан яқиндан танишиш мақсадида ташриф буюришди.
Шу ўринда кичик маълумот:
Ахмет Толга Туркер – Аризона Университети халқаро алоқалар бўлими, Евроосиё лойиҳалари дастури директори.
Людмила Кларк – Аризона университетининг халқаро талабалар билан ишлаш хизмати вакили, ҳомийлик лойиҳалари дастури директори.
Меҳмонларни Фармацевтика таълим ва тадқиқот институтининг 1-проректори, профессор Шахноза Умарова, Касаба уюшмаси раиси, Маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор Камолатдин Исмоилов, Малака ошириш ва қайта тайёрлаш маркази директори, профессор Шоҳиста Искандарова, Халқаро алоқалар бўлими Саидагзам Саидовлар кутиб олишди. Суҳбат аввалида АҚШлик вакиллар институт фаолияти, илмий салоҳияти, имкониятлари хусусан, бакалавриат йўналишлари ҳамда магистратура мутахассисликлари, дарсларнинг нечта хорижий тилда олиб борилиши, халқаро лойиҳалар ва келгуси режалар билан боғлиқ барча саволларга жавоб олишди. Бакалавриат талабалари ўз тадқиқот ишларини ўқув лабораторияларида, магистратура талабалари эса илмий изланишларини аккредитациядан ўтган лабораторияларда олиб бориш имконига эга эканлиги Аризона университети вакилларида қизиқиш уйғотди.
Шундан сўнг, жаноб Ахмет Толга Туркер ва Людмила Кларк хоним институтнинг яқинда фойдаланишга топширилган янги ўқув биносидаги маъруза хоналари, ўқув лабораториялари, Маънавият хонаси, компьютер технологиялари синфлари, Ахборот–ресурс марказида бўлишди.
Меҳмонлар институт биносида жойлашган Фармация инновация марказининг ноёб лаборатория ускуналари билан жиҳозланган фармакотоксиологик таҳлил, микробиологик таҳлил, физик-кимёвий таҳлил ҳамда дори шакллари таҳлили лабораториялари замонавий таълим учун энг керакли ва муҳим имконият эканлигини эътироф этишди.
Шунингдек, улар Анорганик кимё ва ботаника дарс жараёнларини кузатиб, ўқитувчилар билан дарс мавзулари ва таълим жараёнлари билан суҳбатлашдилар. Айтиш керакки, ушбу дарс жараёни уларда катта таассурот қолдирди.
Эслатиб ўтамиз, Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти ўз фаолиятини бундан бир йил олдин Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг 2021 йил 8 сентябрда берилган лизенцияси асосида бошлаган. Институтда таълим сифатини замон талаблари даражасида йўлга қўйиш, талабаларга барча шароит яратиш мақсадида янги ўқув биноси қурилиб, 2022 йил 18 ноябрь куни фойдаланишга топширилди.
Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти
Матбуот хизмати.