Ҳуқуқий ахборотни ўрганиш қонун устуворлиги гаровидир
Фармацевтика таълим ва тадқиқот институтида “Ҳуқуқий ахборотни ўрганиш қонун устуворлиги гаровидир” мавзусида тадбир бўлиб ўтди. Тадбирни Ижтимоий фанлар кафедраси мудири Камолатдин Курултаевич Исмаилов очиб берди.
Институт профессор-ўқитувчилари, талабалар иштирок этган тадбирда таъкидланганидек, қонун устуворлигини таъминлаш вазифаси жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириб боришни тақозо этади. Ёшларнинг ҳуқуқий тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи омилларга нисбатан мафкуравий иммунитетни шакллантириш, ҳар бир шахсда қонунларга ва одоб-ахлоқ қоидаларига ҳурмат, миллий қадриятларга садоқат, ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик ҳиссини уйғотиш ҳозирда муҳим вазифа саналади.
Тадбирда Юнусобод тумани Адлия бўлими ЙХКМ бош юрисконсульти Савриддинов Сарвар, Юнусобод тумани “Мадад” ННТ бош мутахассиси Умаров Оловуддин сўзга чиқиб, маъруза қилдилар. Улар ўз маърузаларида юртдошларимизнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга доир ишлар самарадорлигини янада такомиллаштириш, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар билан уйғун равишда ҳуқуқий билимларини ошириб боришнинг замонавий усулларини жорий этиш, шунингдек, аҳолини, айниқса, ёшларни зарарли ахборотлардан ҳимоя қилиш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий иммунитетни шакллантириш бўйича сўз юритдилар.
Тадбирда талабалар маърузачилардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти Матбуот хизмати