ФТТИда Наврўз байрами
Янгиланиш фаслини кутаётган қалбларимизни илиқлик ва фарахбахш туйғулар эгаллади. Ҳар фаслнинг ўз ўрни, гашти бор. Бироқ “фасллар келинчаги” дея таърифланадиган баҳор чиндан ҳам ўзгача. Баҳорни “уйғониш фасли” деб бежиз айтмайдилар. Кўкламда табиат гўё қишки уйқудан “уйғонади”. Сербарака баҳор ёмғири заминнинг яшнашига сабаб бўлади. У заминга буюк неъматни ёғдиради. Баҳор янгиланиш фасли ҳамдир. Унинг бундай ном олиши қадимий Наврўз шодиёнаси билан боғланади. Халқимизнинг узоқ тарихга эга урф-одатлари, айниқса Наврўз айёми бугун умумхалқ байрами сифатида халқимиз томонидан кенг нишонланмоқда.
31 март куни эрта тонгдан Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти жамоаси олийгоҳнинг шинам ва мўъжаз ҳовлисини саранжом-саришта қилиб, Наврўз байрамини нишонлаш учун тайёргарликни бошладилар. Кимдир тонгдан декорация билан овора, яна кимдир ташкилий масалалар билан банд. Ошпазлар аллақачон ўзбегимнинг шоҳ таоми - Ошни пиширишни бошлаб юборган, талабалар эса ўзларига ажратилган дастурхонни безаш, байрамга тайёрлаб келган саҳна чиқишларини такрорлаш билан машғул. Хуллас, институт ҳовлиси бу кун ҳар қачонгидан ҳам гавжум бўлди.
“Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти ўз анъаналарига эга ўқув масканидир. Шундай анъаналардан бири Наврўз каби миллий байрамларимизни талабалар билан биргаликда, унинг мазмун моҳиятини тушуниб нишонлашдир. Байрам дастурида талабалар учун кўрик-танлов ҳам уюштирдик. Танловнинг уч шарти бор. Ҳар бир гуруҳ Ўзбекистоннинг бир вилояти миллий либоси, миллий таоми ва келин салом одатини кўрсатиб бериши керак”. Ҳакамлар ҳайъати уларни баҳолаб боради”, – дейди институтнинг Тиллар кафедраси мудири, мазкур тадбир ташкилотчиларидан бири Саодат Тўйчиева.
“Ассалом, Наврўз – янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр қиммат айёми!” шиори остидаги тантанали байрам сайлини институт ректори Азиз Дўсматов очиб берди. Тадбирда ФТТИ таъсисчилари, раҳбарияти, профессор ўқитувчилари ва талабалар иштирок этди. Сўнгра наврўзи олам билан йиғилганларни ФТТИ илмий маслаҳатчиси, профессор Аҳмадхўжа Юнусходжаев қизғин муборакбод этди. Шундан сўнг, навбат санъаткорларга, Ўзбекистон давлат саньат ва маданият институти талабаларига навбат берилди. Улар ижросидаги куй-қўшиқлар, ҳазил ва мутойибага йўғрилган саҳна чиқишлари йиғилганларга баҳорий кўтаринкилик бахш этди.
Уч минг йилдан зиёд тарихга эга Наврўз – шарқона янги йил ўзининг янгиланиш, баҳор нафасини олиб келиши, халқимизнинг табиати, онги ва қалбига чуқур сингиб кетгани, ҳар қайси хонадонга шоду-хуррамлик олиб кириши билан биз учун энг қадрли ва севимли байрамдир. Унинг тарихига эътибор берадиган бўлсак, аждодларимиз бу байрамни нишонлаб турли-туман, удум ва маросимларни ўтказишган. Далаларда ҳам экин-текин ишлари, ҳашарлар бошланган. Наврўз байрами кеча билан кундузнинг тенглашган вақти – 21-22 мартдан бошлаб ўн кун давомида ўтказилган. Байрамга атаб аждодларимиз махсус кийимлар тайёрлашган ва уларни кийиб байрам қилишган.
Ҳар бир вилоятнинг ўз Наврўз таомлари бўлган, улар орасида айниқса, сумалак, ҳалим тайёрлаш анъанавий одат тусига кирган. ФТТИ талабалари ҳам дастурхонни турли қандолат, ноз-неъматлар, сумалак, ҳалим, кўксомса, кўкчучвара, печак сингари Наврўз таомлари билан безатишди.
Гуруҳ қизлари адрас, атлас, шойи каби миллий матолардан тикилган ёрқин рангдаги кўйлак, чопон, дўппиларни, йигитлар ҳам миллий либосларни кийиб тадбирга байрам шукуҳини олиб киришди. Айни шу лаҳзаларда тадбир қатнашчилари ўлкамизга баҳор келганини, у ўзининг майин ифорини атрофга таратаётганини ҳис қилди, десак муболаға бўлмайди.
Дилноза Ўринова 110-гуруҳ талабаси: “Бизни гуруҳга Сурхондарё вилояти тушди, биз бу сирли ўлкани биз миллий таомлари, миллий кийимлари билан кўрсатишга ҳаракат қилдик. Биз Сурхондарёнинг “Давришона” номли таомини олиб келдик. Уни маҳаллаларда қўни-қўшнилар, аёллар, қариндош-уруғлар йиғилиб, худди сумалакдаги каби эрталабгача пишириб чиқишади. Унинг таркибида гўшт, буғдой, ёрма каби маҳсулотлар бор. Бундан ташқари, дастурхонимиздан тандир гўшт, сумалак, сурхондарё ширмой нонлари, патирлари ўрин олган”.
Сарвиноз Ахматова: Саноат фармация гуруҳи талабаси: “Биз Жиззах вилояти одатларини ўргандик. Танловга тайёргарлик кўриш жараёнида биз биринчи ўринда Жиззах вилояти одатларини, идишлардаги нақшларнинг ўзига хослигини кўрсатб беришга ҳаракат қилдик. Дастурхонни безашда столга албатта, Жиззах сомса, кўксомча, печак ва лочираларини қўйдик”.
Талабалар томонидан тайёрланган байрам дастурхони тайёр бўлгач, ҳакамлар ҳайъати аъзолари ҳар бир иштирокчилар столи ёнига бориб, улар намойиш қилаётган вилоят, воҳанинг ўзига хос урф-одатлари, миллий либоси, таомлари ҳақида турли саволлар бериб, қатнашчиларнинг билими, мавзуни қанчалик ўрганганини синовдан ўтказишди.
Шундан сўнг, навбат “Келин салом” саҳна кўринишига берилди. Талабалар Ўзбекистоннинг барча вилоятлари келин саломини ижро этишди. Ҳакамлар ҳайъати ғолибларни аниқлаш баробарида яна бир нечта номинациялар бўйича энг яхши иштирокчиларни аниқладилар. Унга кўра: 1-ўрин: 106 гуруҳ (Хоразм вилояти), 2-ўрин: 112-гуруҳ (Навоий вилояти), 3-ўринга 102–гуруҳига (Андижон вилояти) лойиқ деб топилди.
Танловда 1 –сазовор бўлган 106 гуруҳ аъзолари хоразмча рақс ва келин саломни ижро этиб беришди. – “Биз хоразм воҳасига хос дастурхон тайёрладик. Дастлаб хоразм миллий таомларини тайёрлашни ўргандик. Дастурхонни тухумбарак, шивит оши ва кичик ҳажмдаги мантилар билан тузадик”, - дейди 106 гуруҳ талабаси Шаҳноза Саъдиева.
“Талабаларнинг байрамга жиддий тайёргарлик кўрганлиги сезилиб турибди. Уларни тадбирда катта иштиёқ ва завқ билан қатнашгани мени, айниқса қувонтирди. Талабаларнинг саъйи-ҳаракатларини рағбатлантириш мақсадида қўшимча “Энг чиройли рақс”, “Энг жозибали миллий либос”, “Миллийлик акс этган энг яхши дастурхон ” каби бир нечта номинациялар киритилди ва талабалар муваффақиятли иштироки учун институт фахрий ёрлиғи билан тақдирландилар” – дейди ФТТИ проректори Шаҳноза Умарова. Бу йилги баҳор ва Наврўз ўлкамизга, халқимизга қут-барака, тўкин-сочинлик, омонлик, тинчлик, фаровон ҳаёт олиб келишини тилаймиз.