Фармацевтика таълим ва тадқиқот институтида талабаларнинг қасамёди

“Талабаликка бағишлов - 2022” байрам тадбирида институт жамоаси,  профессор-ўқитувчилар, талабалар ва уларнинг ота-оналари иштирок этди.

Тадбирни Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти ректори Азиз Файзаматович Дусматов очиб бериб, барчага ўзининг самимий тилакларини билдирди.

Фармацевтика таълим ва тадқиқот институтнинг асосчиси ва илмий маслаҳатчиси, профессор Ахматхўжа Нигманович Юнусходжаев барча 1-босқич талабаларни муборакбод этиб, уларни келажакда малакали мутахассис бўлишга бор куч ва ғайратини сарфлашга, касбига садоқатли ва ҳалол бўлишга чақирди.

Сўнгра институт раҳбарияти томонидан ўқишдаги изланишлари билан фаолл бўлган 12 нафар талаба “Энг иқтидорли талаба”, “Энг изланувчан талаба”, “Энг фаол тадқиқотчи талаба”, ва  “Энг намунали талаба” номинациялари бўйича эътироф этилиб,  махсус Фахрий ёрлиқ билан тақдирландилар. ФТТИнинг фаол қалдирғочларининг “Талабаликка бағишлов” байрамида тақдирланиши бежиз эмас. Бу ҳам талабаларга қанот бағишлаб, мотивация бериши шубҳасиз.  

Шундан кейин талабалар — бўлажак тиббиёт ходимлари ўз касбига садоқат билан хизмат қилишга қасамёд қилишди. — Олий мақсадлар билан илм даргоҳига қадам қўйган талабаларни тантанали равишда кутиб олиш анъанага айланган, — дейди институт ректори Азиз Дусматов. — Уларнинг ота-оналари, устозлари ва талабалар олдида қасамёд қабул қилиши чуқур билим олишга, ўз касбининг моҳиятини тушунишга ундайди. 

Тадбирда талабалар етук мутахассис бўлиб етишларига катта ҳисса қўшаётган устоз-мураббийларга миннатдорлик билдириб, уларга гулдасталар совға қилишди. Кечанинг бадиий қисмида биринчи босқич талабалар турли тилларда шеърлар ўқишди. Айтиш керакки, доршунослик соҳасида фаолиятни йўлга қўйишни истаган ёшлар учун ушбу маросим катта таассуротларга бой бўлди. Шундан сўнг, Муқимий номидаги Ўзбек давлат мусиқали драма театрининг  “Ақлдан озиш ҳеч гап эмас” номли спектакли намойиш этилди. 

Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти
Матбуот хизмати