Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти янги бинога эга бўлди
Мамлакатимиз тараққиётининг ҳозирги босиқчида мамлакатимизда нодавлат таълим муассасалари фаолиятини кенг йўлга қўйишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг 2021 йил 8 сентябрда берилган лизенцияси асосида ўз фаолиятини бошлаган Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти ҳам ана шу жараёнларда ташкил топган ва ўз йўналишида етакчи бўлган таълим даргоҳларидан бири ҳисобланади.
Институтда таълим сифатини замон талаблари даражасида йўлга қўйиш, талабаларга барча шароит яратиш мақсадида янги ўқув биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди.
2022 йил 18 ноябрь куни ушбу ўқув биносининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Ушбу тантанали маросимда институт раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар, ОАВ вакиллари иштирок этди.
Институтнинг янги ўқув биноси 12 000 кв м, 7 қаватдан иборат бўлиббир сменада 2000 дан ортиқ талабага мўлжалланган.Бинода 2 та фаоллар зали бўлиб, катта зал 275 ўринга ва кичик фаоллар зали 24 ўринга эга. Заллар ҳамкор олий ўқув юртлари, фармацевтик ташкилотлар билан учрашувлар, маънавий- маданий тадбирлар ўтказиш учун мўлжалланган. Бинонинг 6-қаватидаги Ахборот технологиялар маркази замонавий компьютерлар билан жиҳозланган. Бинонинг пастки қаватида Ахборот ресурс маркази жойлашган бўлиб, бугунги кунда 1500 дан ортиқ китоблар (улардан 558 таси ўқув дарсликлари ва ўқув қўлланмалари, 185 та энциклопедия ва луғатлар, 400 та фанлар ичида қўшимча адабиётлар 150 та норматив ҳуқуқий ҳужжатлар, 207 та бадий адабиётлар) мавжуд.
Институтнинг ҳар бир талабаси зарур адабиётлар юкланган планшетлар билан таъминланган бўлиб, бу ҳам ўқиш жараёнини янада қулай ва қизиқарли бўлишига ёрдам беради. Ахборот ресурс марказида ўқитувчилар учун, магистратура талабаларига компьютер ва принтерлар билан жиҳозланган хоналар ташкил қилинган. Маънавият хонаси ҳам талабаларнинг маънавиятини янада юксалтиришга хизмат қилади.
Бинонинг ҳар бир қаватида Wi-Fi билан таъминлаган дам олиш зоналари ташкил этилган. Бу ерда талабалар танаффус вақтида планшет орқали ҳам адабиётларни мутолаа қилишлари, ўзларига керакли бўлган маълумотларни олишлари мумкин. Жамияна 4000 кв м лаборатория корпуслари, 3000 кв м Талабалар турар жойига эга бўлган институтда бир сўз билан айтганда ўқиш, билим олиш, етук кадр бўлиб етишишга барча шароит ва қулайликлар яратилган.
Институт жамоаси тиббиёт ва фармацевтика таълимини ривожлантириш, халқаро стандартлар талабларига мос келадиган етук кадрларни тайёрлаш каби қатор мақсад ва вазифаларни ўз олдига қўйган ҳолда иш бошлади ва қисқа давр ичида бунга эришди.Билимли мутахассисларни тайёрлаш учун жамоага юқори малакали профессор ўқитувчилар жалб қилинди. Ҳозирда Фармацевтика таълим ва тадқиқот институтининг илмий салоҳияти 70% дан ошди. Институтда “Фармация ва фармакология” номли янги илмий журнал ташкил этилди. Яқинда олий таълимдан кейинги таълим учун лицензияга ҳужжатлар топширилди, таъсисчилартомонидан институт янги замонавий асбоб ускуналар билан таъминланди. Масалан, 9 та маъруза хоналари интерактив (доскалар, мониторлар) билан жиҳозланди. Семинар дарслар учун ҳам қулай ва шинам аудиториялар ҳозирланган. Олий ўқув юртида мутахассислик фанлари биология ва кимёни чуқур ўргатиш учун йўналтирилган махсус ўқув лабораторияларида талабалар назариядан олган билимларини амалиётда синаб кўриш, ўзлаштириш имкониятига эга бўладилар. Ўқув лабораториялари тиббий муляжлар, микроскоплар, колбалар билан жиҳозланиб, буларнинг барчаситаълим жараёнини сифатли олиб бориш, етук мутахассис кадрларни тайёрлашга ёрдам беради.
Институтда ўқув жараёни бевосита тадқиқотлар билан биргаликда олиб борилиши кўзда тутилган бўлиб, дарслар илғор технологияли лабораторияларда олиб борилади. Институт таркибида Фармацевтларни малака ошириш ва қайта тайёрлаш Маркази фаолият юритмоқда.
Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти олимлари томонидан бир нечта оригинал дори воситалари ва биологик фаол қўшимчалар технологиялари ишлаб чиқилиб, саноат миқёсига жорий этилган( “Антиковир”, “Пирацин”, “Нигепрост”, “Нигелит”, “Курмуфер” ва б.) ҳамда бир йил ичида 8 та препарат учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлидан ихтиро учун патентлар олинган.
ФТТИда жами 59 нафар магистратура талабалари таҳсил олади.
Улар соғлиқни сақлаш соҳасидаги долзарб муаммоларни ҳал қилиш, аҳолини сифатли дори воситалари билан таъминлаш мақсадида янги дори воситаларининг янги молекулаларини синтез қилиш, уларнинг технологик жараёнларини ишлаб чиқиш билан шуғулланишмоқда. Бу жараёнда улар доривор ўсимликлардан ҳам кенг фойдаланишмоқда. Масалан: Анор пўстлоғи, анор суви, қизил қалампир қуруқ экстрактидан янги дори воситалар ишлаб чиқаришмоқда. Бундан ташқари, талабалар фармацевтика бозорини маркетинг таҳлили йўналишида ҳам изланишлар олиб боришмоқда. Улар доимий равишда халқаро ва маҳаллий конференцияларда тадқиқот ишлари билан фаол қатнашишмоқда.
Институт ўзининг фаолиятида халқаро ҳамкорлик бўйича доимий иш олиб бормоқда. Хитойнинг China Pharmaceutical University ва Жанубий-Қозоғистон тиббиёт академияси вакиллари билан олиб борилган мулоқотлар бунга мисол бўла олади.
Жорий йилда Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти “GRANDPHARM TRADE” компанияси билан ҳамкорлик меморандумини имзолаганди. Ўтган давр мобайнида бир қанча ишлар амалга оширилди. Талабалар ўртасида “GRANDPHARM SCHOLARSHIP” номли стипендиясига асос солинди. Танлов ўтказилиб, ФТТИнинг икки нафар фаол талабаси ушбу стипендия соҳиби бўлди.Грандфармда танишув амалиётлари ҳам мунтазам амалга оширилмоқда. Талабалар амалиётлари бевосита фармацевтик корхоналарнинг омборхонларида, бўлинмаларида, дорихоналарида олиб борилади. Бунда талабалар дори воситаларини, тиббий буюмларни зарур талаблар асосида сақлаш жараёни билантанишадилар.Дорихонлар тармоқларидаги танишув амалиётлари ҳам талабаларга олинган билимларни амалда солиштириб кўриш ва тушуниш имконини бериши билан аҳамиятли. Ҳозирда ФТТИда “Грандфарма” компанияси билан имзоланган шартнома асосида махсус ишчи дафтарлар яратилмоқда. Компания вакиллари томонидан “Биоэтика” фани учун махсус яратилган кейс методлар ҳам таклиф қилинган. Уларни ҳам таълим жараёнларига татбиқ этиш кўзда тутилган.
ФТТИ яна бир йирик корхона “ASKLEPIY Group”билан шартнома имзолаши кутилмоқда. Ушбу ҳамкорлик меморандуми Фармацевтика таълим ва тадқиқот институтининг янги ўқув биносининг очилиш маросимида имзоланади ва унинг доирасида бир қанча янги лойиҳалар яратилиши режалаштирилган.
Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти
матбуот хизмати