Фармацевтика таълим ва тадқиқот институтида Ўзбек тили байрами муносиб нишонланди
Бу йил ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилганига 33 йил тўлди. 1989 йилнинг 21 октябрь куни Ватанимизда давлат тилининг ҳуқуқий асосларини белгилаш бўйича "Давлат тили тўғрисида”ги қонун қабул қилиниб, ўзбек тилига - Давлат тили мақоми берилган эди. “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги қарорга асосан 21 октябрь санаси тил байрами куни деб белгиланди. Тарихдан маълумки, ўзбек тили бу мақомга эришиш учун жуда кўп тазъйиқларга дуч келган. Аждодларимизнинг саъйи-ҳаракати билан ўзбек тили ўз мақомини тиклаб олди. Халқаро майдонда ҳам ўзбек тилининг нуфузи ортиб бормоқда. Бугунги кунда жаҳон бўйлаб 50 миллионга яқин киши ўзбек тилида сўзлашади. Ривожланган мамлакатларнинг 60 дан ортиқ олий ўқув юртлари ва тил марказларида ўзбек тили ўрганилмоқда. Ўзбек тили ва адабиёти нуфузини ошириш бўйича турли олий ўқув юртлари ва турли хил ижод мактаблари ташкил этилмоқда.
Фармацевтика таълим ва тадқиқот институтида ҳам ўзбек тили ва адабиёти ривожи учун бир қанча маънавий- маърифий тадбирлар уюштирилмоқда. Хусусан, 2022 йил 17 октябрь куни ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 33 йиллиги муносабати билан ушбу олий ўқув юртининг 1- 2-босқич талабалари ўртасида “Тарихимсан, тақдиримсан, келажагимсан - она тилим” мавзусида иншолар танлови ўтказилди. Танлов ғолиблари институтда “Тил байрами”га бағишлаб ташкил этилган “Она тилим - сарчашмангдан сархуш дилим” мавзусидаги маънавий-маърифий тадбир доирасида эълон қилинди.
Кечани Фармацевтика таълим ва тадқиқот институтининг ўқув ишлари бўйича проректори, фармацевтика фанлари доктори, профессор Умарова Шаҳноза Зиядовна очиқ деб эълон қилиб, барча йиғилганларни ушбу қувончли кун билан самимий табриклади. Шундан сўнг, иншо танлови ғолиблари тақдирланди. Натижаларга кўра, 1-ўрин Фармация йўналиши, 21Ф-8 гуруҳ талабаси Гулрух Устемирова, 2-ўрин Фармация йўналиши, 21Ф-3-гуруҳи талабаси Маъруфжон Дилмуродов, 3-ўринни Фармация йўналиши 21Ф-10-гуруҳ талабаси Сарвиноз Турсунпўлатовага насиб этди. Шундан сўнг, тадбир меҳмонларига навбат берилди.
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги Бош директорининг маънавий- маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва Давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси, филология фанлари доктори, профессор Ноибахон Мамадалиева иштирок этди. Ноибахон Мамадалиева ўз нутқида “Тил – давлат тимсоли, мулки, руҳи, миллатнинг маданий ва маънавий бойлиги, халқнинг маданияти, урф-одати, унинг турмуш тарзи, тарихи эканлигини айтиб, тилни асраб авайлаш, тилни бутунлигича келажак авлодга етказиш ҳар бир Ўзбекистон фуқаросининг асосий бурчи эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Кечанинг яна бир меҳмони Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университети ўқитувчиси, Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибаси Чаман Жонузоқова “Ўзбек тилининг бой тарихи ҳамда кундалик ҳаётда ишлатиладиган бир нечта сўзларнинг келиб чиқиш тарихи ва маъносига тўхталиб ўтди:
“Ўзбек тилининг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтириш учун уни миллий ва умумбашарий тушунчалар асосида тараққий этган тиллар сафига киритишга ҳисса қўшиб, тилимизга чуқур ҳурмат билан ёндашишимиз керак” , - дея ўз фикрини якунлади.
Тадбирнинг бадиий қисмида даврага талаба ёшлар таклиф этилди. Ўзбек тилини мадҳ этувчи шеърлар, ўзида гўзал анъана ва қадриятларни уйғунлаштира олган “Тановар” қўшиғи ва рақси, Иззат Султон ва Уйғуннинг “Алишер Навоий” драмасидан ижро этилган “Навоий ва Гули” парчаси томошабинларда катта таассурот қолдирди. Кеча якунида байрам тадбирида фаол иштирок этган барча талабаларга Фахрий ёрлиқ билан тақдирланишди.
Мақола сўнггида, маърифатпарвар Исҳоқхон тўра Ибратнинг “Бизнинг ёшлар, албатта, бошқа тилларни билиш учун саъй-ҳаракат қилсинлар, лекин аввал ўз она тилини кўзларига тўтиё қилиб, эҳтиром кўрсатсинлар. Зеро, ўз тилига садоқат – бу ватаний ишдир”, бир аср олдин айтилган шу сўзларни келтиришни жоиз деб билдик. Зеро, тилимизни эъзозлаш, унинг давлат тили сифатидаги мақоми, жамиятдаги мавқеини юксалтириш, ёш авлодни она тилига ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳамиша долзарб маънавий бурчимиз бўлиб қолади.
Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти
Матбуот хизмати