Арпабодиён

Арпабодиён - Anisum vulgare Gaertn. – Анис обыкновен-ный, — Aniaceae- зирадошлар (соябонгулдошлар) оиласига мансуб 20-60 см баландликдаги, укроп ҳиди келадиган бир йиллик ўт ўсимлик. Пояси тўғри, думалоқ, бироз қиррали, кўкимтир ғуборли, сершоҳ. Барглари навбатлашиб жойлашган, шакли тухумсимон-учбурчак, уч-тўртта патсимон қисмларга бўлинган. Гуллари майда, сарғиш, кўп сонли соябонларга тўпланган. Меваси кулранг ёки кўкиш-қўнғир, узунчоқ, қўшалоқ беш қиррали писта. Одатда, 1000 дона уруғнинг вазни 3-6 грамм.

Арпабодиённинг меваси таркибида 1,2-3,2%, баъзан 6% гача эфир мойи ва 28% гача бошқа мойлар бор. Эфир мойи таркибида 90% гача анетол бўлади. Арпабодиён мевасининг кули таркибида калий, кальций, темир, мис, цинк, хром, алюминий, селен, молибден, стронций, никел, бор ва бошқа макро ҳамда микроэлементлар тузлари бўлади.

Қадимдан табиблар даволаш жараёнида арпабодиён мевасини кенг миқёсда ишлатганлар. Юз ва оёқ шишларида, жигар, қораталоқ (қора жигар), буйрак, қовуқ касалликларида ҳамда сийдик ҳайдовчи восита сифатида арпабодиён мевасини Ибн Сино даволовчи восита сифатида тавсия қилган.

Халқ табобатида арпабодиён мевасидан тайёрланган дамлама билан меъда-ичак касалликлари даволанади. Бу дамлама яна иштаҳа очувчи, пешоб ва ўт ҳайдовчи, терлатувчи, енгил сурги ҳамда чанқоқни босувчи восита  сифатида қўлланади.

Арпабодиёнинг эфир мойи антисептик, яллиғланишга қарши ҳамда шиллиқ қаватларга кучли қитиқловчи таъсир кўрсатади. Шунинг учун арпабодиён меваси, эфир мойи ва улардан тайёрланган дори турлари илмий тиббиётда бронхит ва нафас олиш йўлларининг бошқа яллиғланиш касалликларида балғам кўчирувчи, йўтални тўхтатувчи дори сифатида ҳамда овоз бўғилиши ҳолларини даволаш учун ишлатилади. Меваси ва эфир мойи буйрак, сийдик пуфаги ва пешоб йўллари касалликларида, ич дам бўлганда ел ҳайдовчи восита сифатида, ичак фаолиятини яхшилаш учун ҳамда баъзи грипп (ЎРВИ) касалликларининг даволашда ҳам қўлланилади.

Шунингдек, арпабодиён баъзи гинекологик касалликларни даволашда самарали ҳисобланади,  жигар фаолиятини яхшилайди.

Арпабодиён меваси сурги воситаси сифатида ишлатиладиган ҳамда юқори нафас йўллари яллиғлаганда қўлланиладиган балғам кўчирувчи, кўкракни юмшатувчи ва уни оғриғини қолдирувчи йиғмалар – чойлар таркибига ҳам киради.

Фармацевтика амалиётида эфир мойи ёқимсиз таъмли дори турларини мазасини ва ҳидини яхшилаш учун ишлатилади.

Мевасидаги эфир мойи балғам кўчирувчи, ичак фаолиятини кучайтирувчи, антисептик, спазмолитик, сийдик ва ўт ҳайдовчи, қон босимини пасайтирувчи таъсирга эга.  

 

Дамлама: 4 чой қошиқ арпабодиён мевасини майдалаб 400 мл 40% этил спиртида 2 ҳафта сақланади (тиндирилади). 30 томчидан 3 маҳал ичилса, она сутини кўпайтиради.

Арпабодиён мойи:

3 томчидан 3 маҳал ичилса, цинга касаллигига қарши яхши натижа беради ва капиллярларда қон айланишини яхшилайди.

 

Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти
Матбуот хизмати