АҚШ олимлари потенциал дори воситаларини аниқлаш тестларини ишлаб чиқдилар
Америкалик тадқиқотчилар касалликларни даволаш учун потенциал самарали кимёвий бирикмаларни аниқлаш усулини ишлаб чиқишмоқда.
Жанубий Калифорния университети ва Бостон шимоли-шарқий университети тадқиқотчилари инсон ҳужайралари рецепторлари билан боғланиши мумкин бўлган энг самарали кимёвий бирикмаларни аниқлашга мўлжалланган V-SYNTHES номли янги алгоритмни синовдан ўтказишди. Бу ҳақида Phys.org хабар берди.
Маълумки, инсон ҳужайралари юзасида рецепторлар жойлашган бўлиб, улар билан организмга кирадиган барча турдаги бирикмалар боғланади. G-оқсил билан боғлиқ ушбу рецепторларнинг айримлари бозорда мавжуд фармацевтика маҳсулотларининг 30 фоизига нишон бўлиб хизмат қилади. Аммо, кўпинча, бу дорилар мос келмай ножўя таъсирга олиб келади.
Янги хавфсиз воситаларни яратиш учун мураккаб жараёнлар талаб этилади. Керакли реакцияни келтириб чиқариш учун препаратнинг аниқ кимёвий тузилишини ва у таъсир кўрсатадиган тахминий рецепторни билиш керак.
Шу боис, мутахассислар потенциал молекулалар кутубхоналарини ва юз минглаб бирикмаларни бир вақтнинг ўзида синаб кўриш имконини берувчи компьютер дастурларини яратишмоқда.
Дастурлар назарий жиҳатдан шаклланиши мумкин бўлган ва керакли ҳужайра рецепторлари билан боғлана оладиган молекулаларнинг маълумотлар базасини кўриб чиқади. Шундан кейингина олимлар молекулани оптималлаштиришга, уни яратиш ва синаб кўришга ҳаракат қилишлари мумкин. V-SYNTHES ана шундай алгоритмлардан бири.
“V-SYNTHES дори воситаларини ишлаб чиқишда катта муваффақиятли қадамдир. Уни масштаблаштириш ва мослаштириш осон, ушбу алгоритм кўплаб касалликлар учун потенциал терапевтик бирикмаларни мисли кўрилмаган тезликда кашф қилиш учун янги истиқболларни тақдим этиши кутилмоқда", дейди UNC тиббиёт мактаби профессори Брайан Л. Рот.
Манба: pharmvestnik.ru
Farmatsevtika taʼlim va tadqiqot instituti Matbuot xizmati