Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти ташкил топганига 1 йил тўлди

     Ҳурматли  институтимиз жамоаси ва талабалари!

     Сизларни институтимиз ташкил этилганлигига бир йил тўлганлиги муносабати  билан самимий табриклаймиз!

Бундан роппа роса бир йил олдин 2021 йилнинг 8 сентябрь куни Фармацевтика таълим ва тадқиқот институтига Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги таълим сифатини назорат қилиш Даввлат инспекцияси томонидан №0033 сон лицензия берилган  эди. Биз шу  қисқа давр ичида тиббиёт ва фармацевтика таълимини ривожлантириш, халқаро стандартлар талабларига мос келадиган етук кадрларни тайёрлаш каби қатор мақсад ва вазифаларни ўз олдимизга қўйдик.  Билимли мутахассисларни тайёрлаш учун жамоамизга  юқори малакали профессор ўқитувчиларни жалб қилдик. Бугунги кунда Фармацевтика таълим ва тадқиқот институтининг илмий салоҳияти  70% ни ташкил этади. Фармацевтика таълим ва тадқиқот  институтида ўқув жараёни бевосита тадқиқотлар билан биргаликда олиб борилиши кўзда тутилган бўлиб, дарслар  замонавий аудиторияларда, илғор технологияларга асосланган лабораторияларда олиб борилади. Институт таркибида Фармацевтларни малака ошириш ва қайта тайёрлаш Маркази фаолият юритмоқда. Марказда 1000 дан зиёд мутахассислар малакаларини оширдилар ҳамда, 135 нафари қайта тайёрландилар. 

Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти  олимлари томонидан бир нечта оригинал дори воситалари ва биологик фаол қўшимчалар технологиялари ишлаб чиқилиб, саноат миқёсига жорий этилган ( “Антиковир”, “Пирацин”, “Нигепрост”,  “Нигелит”, “Курмуфер” ва б.) ҳамда бир йил ичида 8 та препарат учун   Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлидан ихтиро учун патентлар олинган.

     Ҳозирги кунда долзарб муаммолардан бири бўлган - коронавирус инфекциясига қарши самарали воситалар яратиш борасида  институт олимлари томонидан  оригинал “Антиковир” капсула дори тури яратилиб,  препаратга ихтиро учун патент олинди ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан қайд этилиб саноат миқёсига жорий этилди. 

Институтимизда Талабалар илмий жамияти ташкил этилиб, яқинда ТИЖ аъзоларининг биринчи илмий амалий анжуманини муваффақиятли ўтказолдик. Жорий йилда институтга IV- Республика фан олимпиадасининг кимё ва биология фанлари ғолиблари грант асосида ўқишга қабул қилинди.  

Фармацевтика таълим ва тадқиқот институтининг магистратура талабаси Сергей Фотиев Осиё чемпионатида Пауэрлифтинг спорт тури бўйича Олтин медаль совриндори бўлди. Институтнинг Фармация факультетининг 2-босқич талабаси Дилмуродов Маъруфжон  “Ўзбекистоннинг TОП 100 лидер талабалари” алманахига киритилди. Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти  шу қисқа вақт ичида изланувчан, илмга чанқоқ, фаол ўқитувчилар ва талаба ёшларнинг севимли масканига айланганидан фахрланади.  Азиз жамоамиз вакиллари Энг азиз неъмат инсон саломатлиги сохаси – доришунослик бўйича етук кадрларни тайёрлашдек масъулиятли ишингизда омадлар тилаймиз. Хайрли ишларингиз бардавом, парвозингиз баланд бўлсин!

 

Фармацевтика таълим ва тадқиқот
 институти раҳбарияти