Фармацевтика таълим ва тадқиқот институтида тантана
Бугунги кунда ҳар бир соҳада дунё миқёсида рақобатлаша оладиган кадрларни тайёрлаш таълим энг долзарб вазифалардан биридир. Шунинг учун мамлакатимизда ҳам ёшларнинг таълим-тарбиясига эътибор тобора ортиб бормоқда. Зеро, ҳар қандай жамият ўз фарзандларини маъсулиятни ҳис этадиган инсонлар бўлиб етишишларини ва уларнинг давлат тараққиётига, гуллаб-яшнашига ўз улушларини қўшишларига умид қилади ва шундан келиб чиқиб ҳаётга истиқболли лойиҳаларни татбиқ этади.
Ёшларнинг онгги ва тафаккурини шакллантириш, дунёқарашини кенгайтириш ҳамда келажак касбини тўғри танлаши ва рақобатбардош кадр бўлиши бевосита уларнинг таълим олаётган таълим масканига боғлиқ. Эндиликда янги бинода ўз фаолиятини давом эттираётган Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти ўқитувчи ва талабалари учун юксак марралар ва кашфиётлар учун кенг имкониятлар яратилмоқда десак асло янглишмаган бўламиз.
Чиндан ҳам бугунги 18 ноябрь санаси ФТТИ жамоаси ва талабалари ҳаётида муҳим кун бўлди. Гап шундаки, кўпдан бери кутилган ҳаяжонли онлар етиб келди, яъни институтнинг янги биноси тўлиқ фойдаланишга топширилди.
Ўтган давр давомида Фармацевтика таълим ва тадқиқот институтининг янги биносининг қурилиш ишлари якунланиб, бино мебеллар ва дарс жараёнлари учун керакли бўлган барча замонавий ускуналар (кўргазмали материаллар, муляжлар, интерактив доска, микроскоп, гербарий, дори воситаларининг физик-кимёвий таҳлилини ўтказиш учун замонавий асбоб ускуналар ва ҳ.к.лар) билан тўлиқ жиҳозланди. Бир сўз билан айтганда, ҳалқаро талабларга жавоб бера оладиган, сифатли таълим берувчи масканга айлантирилди. Энди бўлажак доришунослар кенг, ёруғ ва шинам аудиторияларда ўқиб, энг замонавий ускуналар ёрдамида тажрибалар ўтказиб, билим олиш билан бирга изланувчанлик, яратувчанлик қобилиятларини намоён эта оладилар.
Ўқув биносининг тантанали очилиш маросимига академик Искандаров Саъдулла Искандарович, Юнусобод тумани ҳокими Абдувалиев Баҳодир Абдулхаевич ҳамда , “GRANDPHARM” “ASKLEPIY” сингари ҳамкор ташкилотларнинг раҳбарлари ва вакиллари, профессор-ўқитувчилари ташриф буюрди.
Ўқув биносининг очилишига бағишланган рамзий лентанинг кесилиши чин маънода катта маросимга айланди. Бу ерга йиғилганлар ушбу жараёнда институт ҳаётидаги муҳим тарихий воқеликка гувоҳ бўлдилар.
Шундан сўнг Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти ректори Азиз Файзаматович Дусматов сўзга чиқиб, барчага ўзининг самимий тилакларини билдирди ва институт жамоасини ушбу янги ўқув биноси билан муборакбод этди.
Тадбирнинг бадиий қисмида институтнинг фаол талабалари чиқиб табрик сўзини айтишди. Шундан сўнг, "OXY med" компанияси тижорат директори Наргиза Мадалиева билан ФТТИ ва Асклепий груп компаниялари ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланишига келишиб олинди.
Фармацевтика таълим ва тадқиқот институтнинг асосчиси, ФТТИ илмий маслаҳатчиси, профессор Юнусходжаев Ахматхўжа Нигманович барчани янги ўқув биноси билан табриклаб, ФТТИда илмий тадқиқотлар олиб боришни мақсад қилган тиришқоқ, интилувчан ёшларнинг орзуларини амалга оширишда яқиндан ёрдам берадиган даргоҳ бўлишига умид боғлашини айтди.
Сўнгра, яқинда фармацевтика соҳасида (PHD) даражасини олган икки нафар институтнинг умидли ўқитувчилари Раҳимов Аброр Адҳамович, Султонбоева Наргиза Мухамедумаровнани муваффақият билан табриклади.
Тадбир сўнггида меҳмонлар институт ўқув биноси билан танишдилар. Ушбу замонавий бино барчада катта таассурот қолдирди.
Биз ўйлаймизки, бугун очилаётган ушбу муқаддас илм даргоҳи илм аҳлининг бўлажак бунёдкорлари учун юксак марралар, имкониятлар ва кашфиётлар эшиги бўлиб қолади.
Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти матбуот хизмати